Ўтган ҳафта мобайнида республикамиз ҳудудида турли сабабларга кўра содир бўлган 210 та ёнғинларда 8 нафар фуқаролар тан жароҳати олган ва 5 нафар фуқаро халок бўлган. Ушбу ёнғинларда 576 млн. 697 минг сўмдан ортиқ қурилиш материаллари ва 420 млн. 475 минг сўмга яқин моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган, дея хабар қилади uzreport.uz.
Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Б.Романов уйида маст ҳолда сигарета чекиб, ухлаб қолиши натижасида 4 кв. метр майдонда уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғин натижасида куйиш тан жароҳати олган уй эгаси ўт ўчирувчилар томонидан қутқарилиб, шифохонага юборилган. Шифохонада тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай вафот этган.
Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи Х.Содиқовнинг уйида хонага ўрнатилган қўлбола электр иситиш печини ёқиб, назоратсиз қолдирилиши оқибатида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 15 кв. метр майдонда пол қисми ва кўрпа-тўшаклари ёниб зарарланган. Ёнғин ўчириш вақтида уй эгасининг 1 ёшли набирасининг куйган ҳолдаги жасади топилган.
Тошкент шаҳар Шайхонтохур туманида яшовчи З.Икромовнинг уйида электр симларининг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлди. Натижада уйнинг 100 кв. метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ҳамда қўшнисининг уйини 50 кв. метр майдонда том қисмлари ёниб, зарарланган.





