Аввал хабар берганимиздек, бугун тонгда Хоразмлик фаол журналист Давлатназар Рўзметов автоҳалокатда вафот этди. Ижтимоий тармоқларда эса журналистнинг ўлими уюштирилгани ҳақида турли "постлар" қолдирила бошланди. Бош прокуратура эса бу ҳолатга аниқлик киритиб, таҳминларга нуқта қўйди:
Ҳаёт Шамсутдинов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи:
— 2019 йил 06 ноябрь куни соат 23:55 ларда фуқаро С.У. ўзи ишлаб келаётган корхонасига тегишли бўлган “Газель” русумли автомашинани “Урганч-Хива” йўлининг 4-километрида бошқариб бораётганида, йўлни кесиб ўтаётган “Жамият” газетаси мухбири Давлатназар Рўзметовни уриб юборган. Натижасида Д.Рўзметов бош қисмидан жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Урганч тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






