Наркотик воситалари ва психотроп моддалар сақланганлиги факти билан яна бир жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
2-ноябрь куни тахминан соат 18.00 да Сергели туманидаги ЙПХ постида ЙҲХБ ЙПХ ходимлари, кинология хизмати ва Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тадбирлар давомида 39 ёшли Бахтиёр С.га тегишли бўлган “Дамас” русумли автомобиль тўхтатилди. Текширув давомида хизмат ити 29 ёшли йўловчи Марат М.да наркотик воситалари борлигини сезди. Гумонланувчи текширилганда унинг ёнидан марихуана, 8 та “Регапан” таблеткаси ва 2 флакон “Тропикамид” топилди. Ушбу факт асосида Сергели тумани ИИО ФМБ қошидаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.