Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун ўзбек тилини билиш шарти қўйилиши кутилмоқда

ЖАМИЯТ 09.11.2019, 13:05
Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун ўзбек тилини билиш шарти қўйилиши кутилмоқда

Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев шундай дейди

"Юртимизда истиқомат қилаётган минглаб инсонларни хурсанд қиладиган «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши ҳақида бўлди. Май ойида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ушбу қонун ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган экан. Яқин орада қабул қилиниши мумкинлигини айтишди.

Янги қонунга кўра, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг янги турлари назарда тутилади. Жумладан:

Умумий – Ўзбекистонда узлуксиз 5 йил яшаган хорижий давлат фуқаролари (фуқаролигидан чиққан бўлса) ҳамда яшаш маълумотномасига эга фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади;

Соддалаштирилган – хорижий давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошларга берилади;

Алоҳида тартибда – Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан берилади.

Ва энг асосийси 1995 йил 1 январга қадар доимий рўйхатдан ўтган, хорижий давлат фуқаролигини олмаган ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасига эга бўлганлар Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинади. Юртимизда фуқаролик ололмаётган, лекин узоқ йиллардан буён Ўзбекистонда яшаётган ватандошларимиз сони жуда кўп. Улар учун катта хушхабар бўлар эди бу.

Ўзбекистон фуқаролиги йўқотилишига олиб келадиган узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаслик муддати 3 йилдан 7 йилга узайтирилади.

Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш шарти сифатида давлат тилини мулоқот учун етарли даражада билиш бўйича талаблар қўйилади.

Бундан ташқари, хорижга чиқиш биометрик паспортини вақтинча турар жойидан ҳам олиш имкониятини берувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокамага қўйилди.

Ҳозирда “загранпаспорт” олиш учун фақат доимий прописка қилинган ҳудудга бориш шарт. Агар ушбу қарор кучга кирса, масалан, доимий пропискаси вилоятда бўлган фуқаро ҳам Тошкентдан “загранпаспорт” олиши мумкин бўлади.

Матбуот анжумани давомида журналистлар томонидан нафақат “загранпаспорт”, балки фуқаролик паспортини олишда ҳудудий чекловни олиб ташлаш таклиф қилинди."

Шунингдек, агар фуқароларда паспорт, прописка ва фуқаролик масалаларга оид саволлари ёки муаммолари бўлса, Телеграмдаги қуйидаги гуруҳ орқали сўрашлари мумкинлиги ҳақида хабар берилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1