1

"Вой-дод эллик миллионим..." (Ҳажвия)

МУТОЛАА 12.11.2019, 18:11
Теглар: тўй, ҳажвия
"Вой-дод эллик миллионим..." (Ҳажвия)

Шоҳбону ўғлини унаштиргандан буён босар-тусарини билмай қолди. У данғиллама тўй қилиб, нафақат ўз маҳалласида, балки бутун туманда дув-дув гап бўлишни истарди. Ўтирса ҳам, турса ҳам, ётса ҳам хаёлида дабдабали тўй қилиш режасини тузарди. “Нима қилсинки, маҳалла-кўй унинг чет элдан катта пул топиб келганини кўрсин! Бир вақтлар уни менсимаганлар энди жарақ-жарақ доллар билан ўйнаётганини кўриб, оғзи очилсин”.

-Ўйлаб-ўйлаб тўйни шаҳардаги “Жаҳоншоҳ” тўйхонасида қилишга қарор қилдим. Энг кейинги, ҳашаматли тўйхона шу-да. Холам ўғил уйлантирганларида тўйга бориб кўрдик-ку. Ана ҳашамат, мана дабдаба...- деди нонушта қилаётиб Шоҳбону.

-Эсинг жойидами? Ўзимизнинг туман марказида ҳам бир-биридан чиройли ўнта тўйхона бор-ку. Қирқ километр узоққа бориб, тўй қилишимиз шартми?-дея қизишиб кетди эри.

-Бу тўйхоналарингиз аллақачон модадан қолган. Ҳозир энг зўри “Жаҳоншоҳ”. Нима, мани ўғлим “Жаҳоншоҳ”да куёв бўлиб, керилиб ўтиришга арзимабдими?

-Тавба, тўйхонаям модадан қоладими? Шаҳардаги тўйхонанинг нархи жуда баланд, деб эшитгандим. Бориб-келиш харажатлари-чи?

-Тўғри, ойи, ёнгинамиздаги тўйхонада қилайлик, нархи ҳам арзон. Оворагарчилик ҳам йўқ...-деди Умиджон отасига ён босиб.

-Э, э. Қанақа оворагарчилик? Ҳаммасини ўзлари қилишади. Дастурхондаги нондан тортиб, салатлар-у, чақ-чуқларгача ўзлари безатишади. Овқатларни ҳам ўша ерда пиширишади. Биз меҳмондай бориб, маза қилиб ўтирамиз.

-Ўша маза қилиб ўтиришимизга қанча тўлаш керак бўлади?- дея сўради эри.

-Одам сонига қараб қирқ-эллик миллион бўлади-да...-жавоб берди хотини бамайлихотир, худди катта хазинаси бордай. У холаси ўғил уйлантирган тўйда ўтириб, худди шундай базм қилишни орзу қилган ва харажатларни миридан-сиригача сўраб суриштирган эди. "Қовун-қовундан ранг олади", деганларидай ўшандан буён дабдабали тўй ишқига тушганди. Мусофирчиликда, ўн-беш, ўн саккиз соатлаб ишлаб, ит ётиш мирза туриш қилиб, чеккан азоблари, тийинлаб тежаб-тергаб йиққан пуллари ҳозир кўзига кўринмасди.

-Қирқ-эллик миллион?!- қулоқларига ишонмай сўради эри ранги ўчиб.- Ҳой, хотин, пулни ердан супуриб олгандай гапирма! Ошхонада йиллаб қозон-товоқ ювавериб, қўлларинг шилинганини унутдингми? Қанча қийинчиликлар билан топган пулингга ичинг куймаса,ман ўғлим билан изғиринда қор кечиб, беланғи бўлиб ишлаган пулларимизга ачинаман, уларни бир кечада совуришни истамайман. Холангга тақлид қилма! У шаҳарда яшайди, тўйхона уларга бир қадам. Бунинг устига ўғилларининг иккитадан дўкони, ошхоналари бор.

-Бўлмаса, уйлантирмай қўя қолайлик. Якка-ю ёлғиз ўғлингиз йигирма бешга кириб юраверсин, етимчалардай... Сиз пулларингизни қучоқлаб ётаверинг!- қизишиб киноя қилди Шоҳбону. Кейин аччиқ билан шипшиди:- Қайтиб идиш-товоқ ювганимни тилингизга чиқарманг. Ҳеч ким эшитмасин.

Авазбек хотинини биринчи марта кўраётгандай ҳайрон бўлиб қаради. Унинг манманлигидан жаҳли чиқиб, овозини баландлатди:

-Сенга нима бўлаяпти? Боримизни икки соатлик тўйга совурма. Кейин ҳам яшашимиз керак...

Шоҳбону ҳеч кимнинг гапини эшитишни истамасди. Хуллас, ҳамманинг қаршилигига қарамай, “Жаҳоншоҳ”да орзу-ҳавасли тўй ўтди. 

Тўйдан кейин Шоҳбону ҳар икки гапнинг бирида дуч келган одамга керилиб, “Биргина тўйхонанинг ўзига эллик миллион тўлаганмиз, қолган харажатларни-ку айтмай қўя қолай” дейдиган бўлди. Келинчак учун эса бу гап доимий таъна-дашномга айланиб қолди. Унинг бирор иши ёқмаса “Сизни эллик миллион тўлаб, шаҳарда тўй қилиб олиб келганман, шуни ҳам эплаб билмайсизми?” деб койирди. Келин тишини тишига босиб, олти ой чидади. 

Тўйдан кейинги етишмовчиликлардан асабий бўлиб, хафақон касалига чалинган қайнонанинг зуғумларига чидай олмай келинчак аразлаб кетди. Энди Шоҳбонунинг алами ичида, кимга дардини айтишни билмас, ҳамма харажатлар бир томон-у, тўйхонага сарфлаган яхлит маблағи бир томон бўлиб, кўз олдидан кетмасди. Ҳувиллаган ҳовлида ёлғиз шўппайиб юраркан, қаердан пул топиш, қарзларни қандай қайтариш ҳақида тинмай ўйлар ва бу боши-кети йўқ хаёллардан мияси ғовлаб кетарди. Йиллар давомида бутун оила ишлаб йиғган, бир кечада сарфланган даста-даста пулларни ўйлаганда эса “Вой-дод, эллик миллионим” деб, дод солгиси келар, бироқ жонига ора кирадиган ҳеч ким йўқ эди...

Маҳбуба Холова

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1