1

Миржалол Қосимов: «Хатолар кўриб чиқилди, эртага бошқача ўйин бўлади»

СПОРТ 17.01.2015, 19:21
Миржалол Қосимов: «Хатолар кўриб чиқилди, эртага бошқача ўйин бўлади»

Саудия Арабистони ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида кечадиган ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Миржалол Қосимов ва Азиз Ҳайдаров иштирок этди. Бу ҳақда Uff.uz хабар бермоқда.

Дастлабки савол эртага бўладиган ўйин ҳақида бўлди.

Жавоб: Саудия Арабистони жуда кучли жамоа. Уларга қарши кечадиган ўйин жиддий кечиши турган гап. Бироқ биз ғалаба учун майдонга тушамиз. Хитойга қарши кечган ўйиндаги натижа вазиятни анча оғирлаштирди. Аслида биз ўйинни ёмон бошламагандик ва ғалаба қозониб тургандик. Аммо ўйинни ўз қўлимиз билан рақибга бериб қўйдик. Энди эртага бўладиган ўйинда мана шу хатомизни тўғрилаб, вазиятни ўнглаш учун қўлимиздан келган барча ишни бажарамиз.

Азиз Ҳайдаров: Эртага бўладиган ўйин биз учун биринчи финал десак бўлади. Хитойдан мағлубиятга учрагач, керакли очколарни йўқотдик ва кейинги босқичга чиқиш имкониятини қийинлаштирдик. Шу сабабли эртага финалга татийдиган ўйин бўлади. Саудия Арабистони кучли жамоа. Биз рақибни яхши биламиз, улар таркибида кучли футболчилар бор. Уларнинг олдида қандай вазифа бўлса, бизнинг олдимизга ҳам шундай вазифа қўйилган. Биз бу ўйинда ғолиб чиқиб, халқимизга байрам туҳфа қилмоқчимиз. Шу билан бирга аввалги ўйиндаги мағлубият учун халқимиздан узр сўрамоқчиман. Бизни тўғри тушунишади, деган умиддаман. Уларнинг ишончини эртага бўладиган ўйинда қайтариб олмоқчимиз.

Aziz Haydarov. Foto: uff.uz

Австралия матбуоти: Саудия Арабистони футболчилари жуда тезкор эканига қандай қарайсиз?

Жавоб: Бу ўйин ҳаммасига ойдинлик киритиши лозим. Ҳар бир жамоа мусобақадаги иштирокини давом эттиришни истайди. Рақиб таркибида кучли ва тезкор футболчилар кўп. Қолаверса, рақиб ўйин давомида қанот ҳимоячилари тез-тез ҳужумга ўтиб туради ва Саудия Арабистони ўйини янада кучаяди. Аммо биз бунга қарши тура оламиз. Жамоамиз эртага бўладиган ўйинга тайёр ва фақат ғалаба учун майдонга тушади. Биз ғалабага эришишимиз шарт.

Хайрулло Ҳолиқов: Эртага бошланғич таркибда ўзгариш кўрамизми? Шунингдек, Хитойга қарши кечган ўйинда футболчиларнинг кўзи ёнмади, деган гапга қандай қарайсиз?

Жавоб: Мен бу гапга қўшилмайман. Футболчилар ғалабани жуда истаган эди. Аммо футболда шунақаси бўлиб туради. Биринчи бўлимда ёмон ўйнамадик, аммо иккинчи бўлимда кичик хатолар оғир оқибатларга олиб келди. Бизда вазиятни ўнглаш учун вақт етарли бўлмади. Эртага бу хатони тўғриламоқчимиз. Албатта Саудия Арабистони билан бўладиган ўйинда таркибда ўзгаришлар бўлади.

Хитой телевидениеси: Бугун Австралия Жанубий Корея билан ўйнайди. Шахсан ўзингиз, агарда кейинги босқичга чиқсангиз, улардан қай бири билан ўйнашни истардингиз?

Жавоб: Биз ҳозир фақат Саудия Арабистони билан бўладиган ўйин ҳақида ўйламоқдамиз. Қолгани ҳақида ўйлаш учун кейин вақт бўлади. Биз эртага ғалабага эришишимиз шарт.

Австралия матбуоти: Хитойга қарши кечган ўйинда рақибни менсимагандек бўлмадингизми? Рақиб кутилмаган ўйин намойиш қилди, деб ўйламайсизми?

Жавоб: Йўқ, мен рақибни менсимадик, деб айтмаган бўлардим. Мен аввалдан айтганман, бу мусобақада фақат кучли жамоалар бор. Шундай экан, ҳар бир учрашувда тўлиқ куч билан ҳаракат қилиш керак. Осон ўйиннинг ўзи бўлмайди. Гуруҳимиздаги ҳар бир рақиб кучли.

Ахадхон Абдуҳамитов: Хитойга қарши кечган ўйинда терма жамоамиз футболчилари жисмоний жиҳатдан ҳам рақибга имкониятни бой берди. Бу ҳақида нима дея оласиз? Яна бир савол футболчига: Сиз БААда узоқ йиллардан буён ўйнаб келмоқдасиз? Рақиб ҳақида нима дея оласиз, БАА ва Саудия Арабистони футболи бир бирига қай даражада ўхшайди? Эртага бўладиган ўйинда уларнинг ва бизнинг устун жиҳатларимиз нимада?

Миржалол Қосимов: Хитойга қарши кечган ўйинда футболчиларимиз анча хотиржам тортиб ўйнагани рост. Бу бизнинг хатомиз эди. Аммо биз бу хатоларни кўриб чиқишга улгурдик. Эртага мутлақо бошқача ўйин бўлади.

Азиз Ҳайдаров: БАА ва Саудия Арабистони терма жамоалари бир бирига мутлақо ўхшамайди. БАА терма жамоаси футболчилари анчадан буён бирга ўйнаб келмоқда. Шунинг учун бу жуда кучли жамоа. Саудия Арабистони эса техник жиҳатдан кучли. Бу жамоалар бир ҳудудда жойлашган ва қайсидир жиҳатлари ўхшаш бўлиши мумкин. Аммо Саудияни БААдан кучлироқ деб ўйламайман. Саудия Арабистони таркибида техник жиҳатдан кучли футболчилар бор. Биз мана шунга қарши тура олишимиз керак.

Mirjalol Qosimov va Aziz Haydarov. Foto: uff.uz

Ливан матбуоти: Агар Ўзбекистон терма жамоаси эртага мағлубиятга учраса, сиз истеъфога чиқасизми?

Жавоб: Бизда барчасини ўнглаш учун имконият ва вақт бор. Мен ҳозир фақат мана шу ғалаба ҳақида ўйлаяпман. Саудия Арабистонига қарши кечадиган ўйинда ғалаба учун бор имконият ва кучни сарфлаймиз. Биз фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Ҳозир фақат шу ҳақида ўйлаш керак. Қолганига эса ҳали вақт бўлади.

Шу билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги матбуот анжумани якунига етди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1