АсосийJamiyat

Китобдаги ўғли электрик, қизи психолог, келини қоровул бўлган мактаб директори иши нима бўлди?

'Китобдаги ўғли электрик, қизи психолог, келини қоровул бўлган мактаб директори иши нима бўлди?'ning rasmi

 

Жорий йилининг октябрь ойида Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида яшовчи Насимжон Баратов ва унинг ҳамкасблари ўзлари фаолият юритаётган 37-мактаб директори Лобар Раҳимова таниш-билишчиликни авжига чиқарганидан норози бўлиб мурожаат қилгани ҳақида хабар бергандик.

Ушбу мурожаат ўрганилиб, Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан натижа маълум қилинди. 

     Мурожаатда “Китоб Қурилиш ва хизмат кўрсатиш коллежи биносидан фойдаланиб қандайдир қинғир-қийшиқ йўллар билан янги 91-умумий ўрта таълим мактаби очиб унга ўғли Шукуров Комилни директор этиб тайинлашга эришди”  деб қайд этилган важ бўйича:

Китоб тумани ҳокимининг 2019 йил 24 июлдаги Х-4571/07-сонли қарорига асосан Китоб қурилиш ва хизмат кўрсатиш коллежи биносида 92-сонли умумий ўрта таълим мактаби ташкил этилган.

Шукуров Комил Абдуғофурович ҳозирда Китоб туман халқ таълими бўлимида таълим муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мутахассиси вазифасида фаолият юритмоқда. Китоб туман халқ таълими бўлими мудирининг 2019 йил 27 августдаги 585-сонли хатига асосан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг 2019 йил 13 сентябрдаги 118/1-сонли буйруғи билан Шукуров Комил Абдуғофурович Китоб туманидаги 91-умумий ўрта таълим мактаб директори вазифасига кузатув кенгаши тавсия хати тақдим этгунга қадар вақтинча директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 26 декабрдаги  16-мҳ-сонли буйруғи билан “Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақида”ги намунавий низоми тасдиқланган бўлиб, унга кўра таълим муассасаларида ташкил этилган кузатув кенгаши Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан таълим муассасасига директорлик лавозимига тавсия этилган номзодларни очиқ овоз бериш йўли билан директор лавозимига сайлайди.

Мазкур низомнинг 5-боб 27-бандида “таълим муассасасида ижтимоий-маънавий муҳитнинг бузилиши, таълим сифатининг пасайиб кетиши, тизимли муаммоларнинг келиб чиқиши, педагоглар билан маъмурият ўртасида ёки ота-оналар билан маъмурият ўртасида низоли ҳолатлар келиб чиқан тақдирда, таълим муассасаси директорини лавозимидан озод этиш бўйича ҳудудий бошқармаларга таклиф киритади” шаклида белгилаб қўйилган.

“Янги мактабга ишга кириш Рахимова Лобар орқали бўляпти, куёви Суюнов Ўткирни хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари қилиб олган” дейилган важ бўйича:

      Ўрганиш кунида 91-мактабда таълим олаётган ўқувчилар ва уларга таълим-тарбия бераётган педагог ходимлар ҳамда  раҳбар ходимлар фаолият олиб бормаётганлиги аниқланди.

      Янги ташкил этилган 91-умумий ўрта таълим мактабининг 2019-2020-ўқув йили харажатлар сметаси ва штатлар жадвали шаклланмаганлиги сабабли мазкур 91-умумтаълим мактабга педагог ва ишчи-хизматчиларни ишга қабул қилиш бўйича буйруқлар расмийлаштирилмаган. Шу сабабли Китоб тумани халқ таълими бўлими томонидан Суюнов Ўткир 91-мактабга хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасига тайинланмаган ҳамда буйруқ расмийлаштирилмаган (хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасига тайинлаш ва озод этиш туман халқ таълими бўлими мудири ваколатига киради).

   “Қизи Шукурова Нилуфар мутахассислиги психолог бўлмасада ярим ставка психолог лавозимида 37-мактабда ишлаб келмоқда” дейилган важ бўйича:

Халқ таълими вазирининг 2018 йил 14 июндаги 160-сонли буйруғи ИЛОВАсида халқ таълими ходимлари асосий лавозимларининг малака тавсифлари белгилаб берилган. Ушбу буйруқ ИЛОВАсининг Умумий ўрта таълим мактаби (мактаб-интернат) психологи лавозимининг малакавий тавсифларининг 16-бандида: 

а) камида бакалавр даражасидаги махсус психологик ёки олий педагогик маълумот; 

б) амалий иш стажи талаб қилинмайди тарзида белгилаб берилган.

Шукурова Нилуфар маълумоти олий, мутахассислиги она тили ва адабиёт, 2004 йилда Қарши давлат университетини тамомлаган. Мактаб директорининг 2018 йил  5 сентябрдаги 1-сонли буйруғи билан 0,5 ставка штат бирлиги миқдорида мактабда амалиётчи психолог вазифасига тайинланган. 

Мурожаатда “2018-2019 ўқув йилида умуман мактабга келмаган, дарсларга қатнашмаган Маҳматқулов Шаҳризод Дилшод ўғлига йил якуний имтиҳонларга қатнашмасада ўқитувчилар журналга баҳо қўйиб, 11-синфни битирганлик тўғрисидаги шаҳодатномани бериб юборган” дейилган важ бўйича:

Маҳматқулов Шахризод Дилшод ўғли 11-Б синф журналида қайд этилиб, барча фанлардан жорий, оралиқ, чораклик (ярим йиллик), йиллик (йиллик рейтинг балл) билан мунтазам баҳолаб борилган, лекин мазкур ўқувчининг мунтазам дарсга келмаганлиги ҳақида синф журналида қайд этилмаган ҳамда мунтазам дарс жараёнига қатнашмаганлиги ҳақида ваколатли органларга мурожаат этилмаган.  Мактаб педагогика кенгашининг 2019 йил 22 майдаги 5-сонли қарорига кўра якуний давлат аттестациясига киритилган, 2019 йил 12 июндаги 6-сонли қарори билан  UM № 0085526-серия ва рақамли “Умумий ўрта таълим тўғрисида Аттестат” берилган ҳамда унга берилган аттестат мактаб шаҳодатномалар тарқатиш дафтарида 12-қайд рақами билан рўйхатга олинган. 

        Мурожаатда “мактабга келмайдиган, ишламайдиган келини Саидова Сурайё Фозил қизига ва фарзандлари Шукуров Қувонч, Шукуров Комилга электрик лавозимини бериб ойлик ёзиб юрган” дейилган важ бўйича:

       Саидова Сурайё  мактаб директорининг 2018 йил 1 ноябрдаги 6-сонли буйруғига кўра 0,5 ставка штат бирлигида қоровул вазифасига ишга қабул қилинган.

        Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 79-моддасида Қариндош-уруғларнинг давлат корхонасида бирга хизмат қилишларини чеклаш белгиланган. 

      Унга кўра, ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади.

      Бу қоидадан истиснолар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланиши мумкин” тарзида белгилаб қўйилган.

     37-умумий ўрта таълим мактаби директорининг 2019 йил 31 августдаги №23 сонли буйруғи билан Саидова Сурайё Фозил қизи 37-мактабнинг қоровули вазифасидан озод этилган.

      Шукуров Комил 2015 йил 1-июндан 37-мактаб директорининг №14-сонли буйруғига кўра мазкур мактабнинг электриги вазифасига тайинланган. 2016 йил 1-декабрдан мактаб директорининг №9-сонли буйруғига асосан вазифасидан озод этилган.

      Шукуров Қувончбек 37-мактаб директорининг 2016 йил 1 декабрдаги №9-сонли буйруғи билан 37-умумтаълим мактабининг электриги вазифасига тайинланиб, штат қисқартирилганлиги сабабли 2017 йил 1-ноябрдан мактаб директорининг №14-сонли буйруғига асосан вазифасидан озод этилган. 2018 йилдан бошлаб туман халқ таълими бўлимида бино ва иншоатлардан фойдаланишни мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўлими ташкил этилиши ва ушбу бўлимда электрик штати мавжудлиги муносабати билан таълим муассасаларида электрик штатлари мавжуд эмас.

         Мурожаатда “Мактабни молиявий аҳволини тафтишдан ўтказиш лозим, чунки директор фондидан ноқонуний пул ўтказмалари ҳолати мавжуд” дейилган важ бўйича:

        Муассасанинг молиявий аҳволини ўрганиш бўйича 2019 йил 1 августда вилоят халқ таълими бошқармаси ички аудит ва молиявий назорат хизмати бўлими томонидан текширув ўтказилган ва бу текширув хулосасига кўра 1610,0 минг сўм камомад аниқланган ва бу маблағ давлат ҳисобига қайтариб тўланган.         

Шунга кўра, мурожаат муаллифига ушбу тушунтириш жараёнидан қаноатланмаса, ўрнатилган тартибда юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилан.

Бошқа янгиликлар