Дунёнинг кўплаб мамлакатларида фуқароларнинг қурол олиб юришига рухсат берилган. Ҳатто айрим минтақаларда қурол-яроғ олди-сотдиси билан шуғулланувчи дўконлар ҳам фаолият кўрсатади. Маълумотларга кўра, биргина АҚШ фуқаролари ўзини ҳимоя қилиш учун бир йилда 2 миллиондан ортиқ марта ўқ отар қуроллардан фойдаланар экан.
Жорий йилнинг 29 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги қонуни имзоланди. Ижтимоий тармоқларда мазкур қонун Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилингандан сўнг аҳоли ўртасида турли мунозараларга сабаб бўлди. Улар бу қонун бизга керакми, кимларга қурол билан муомала қилишга рухсат берилади, бу фаолиятни қайси орган назорат қилади, каби саволлар билан чиқишди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, “Қурол тўғрисида”ги қонунни қабул қилишдан мақсад мамлакатимиз ҳудудида қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мулкини ҳимоя қилишга ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Раҳмоновнинг таъкидлашича, қуролга эгалик қилиш, сотиш ва қуролдан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш мазкур қонун билан тартибга солинади. Мисол учун қуроллар уч турга бўлинади: фуқаровий қурол, хизмат қуроли ва жанговар қурол. Фуқаровий қурол – ов қуроли, спорт қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш (газ баллончалари, механик тарқатувчилар ва аэрозоль, электрошок ускуналари, учқун чиқарувчи қурилмалар) қуроллари.
Қонунда қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхати белгиланган. Махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар, махсус хизмат вазифаларига эга бўлган, қурол ишлаб чиқариш ва уни реализация қилиш, овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланадиган юридик шахслар, қуролни коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш билан шуғулланадиган юридик ва жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ана шу рўйхатга киради.
Фуқаровий қуролларни сотиб олиш учун рухсатнома Миллий гвардия томонидан уч ой муддатга берилади. Спорт қуроллари ва ўзини ўзи мудофаа қуролларини сотиб олиш ҳуқуқига 18 ёшдан ошган, фуқаровий ов қуроллари ва уларнинг ўқ-дориларини сотиб олиш ҳуқуқига эса 21 ёшдан ошган фуқаролар эга бўлади.
Фуқаровий қуролига эга бўлишнинг қатъий тартиб ва талаблари мавжуд, истаган киши уни сотиб олиш ва фойдаланиш имкониятига эга бўлмайди. Шунингдек, бировнинг номига олинган рухсатнома билан бошқа одам қурол ёки ўқ-дориларни сотиб ололмайди. Сотиб олинган қуроллар эса Миллий гвардия органларида 10 кун муддат ичида рўйхатга олинади ва шундан сўнг фуқарога уни сақлаш ва олиб юришга ижозат берилади.
Миллий гвардияга қандай ваколат берилган? Қуролни кўча-кўйда кўтариб юришга рухсат борми?
– Қонуннинг 40-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси юридик таъминлаш ва мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи, адлия полковниги Илҳом Турғунов. – Хусусан, фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида лицензия ва рухсатномалар бериш, лицензиялар ва рухсатномалар талаблари ҳамда шартларига риоя этилишини текшириш, қурол ва унинг ўқ-дорилари ишлаб чиқариладиган, таъмирланадиган, реализация қилинадиган, сақланадиган ҳамда йўқ қилинадиган жойларда уларни кўздан кечириш каби назоратлар Миллий гвардия органларининг ваколатларига киради.
Шунингдек, мазкур йўналишда лицензия ва рухсатномалар эгалари зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш, лицензиялар ва рухсатномалар амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки бекор қилиш ҳуқуқи ҳам шу ташкилот зиммасига юкланади.
Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати бошқа органлар томонидан ҳам ўз ваколатлари доирасида амалга оширилиши мумкин.
Аҳолининг қуролни кўча-кўйда кўтариб юришга рухсат бериладими, деган саволига жавоб берадиган бўлсак, қонунда фуқаровий ва хизмат қуролини олиб юриш билан боғлиқ чекловлар белгиланган.
Жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фуқаровий қуролни (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно), совуқ қуролни ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни олиб юриши ман этилади.
Митинглар, кўча юришлари, намойишлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказилганда, кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган жойларда, таълим, тиббиёт муассасаларида ҳамда қурол олиб юриш тақиқланган бошқа жамоат жойларида бўлган вақтда алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда фуқаровий қуролни олиб юриш тақиқланган.
Шунингдек, жамоат жойларида, жумладан, шаҳар, шаҳар шаҳарлараро ва халқаро транспортда қуролни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юриш ҳам мумкин эмас.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қурол билан содир этилган ҳар қандай жиноят жиноий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.
Ноқонуний муомалада бўлган (рухсатномасиз) қуроллари мавжуд бўлган фуқароларимиздан бундай қуролларни Миллий гвардиянинг назорат-рухсат бериш фаолияти бўлимларига топширишларини сўралади.
Умуман олганда, Миллий гвардия тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда қабул қилинаётган ушбу давлат органининг фаолиятини ҳуқуқий тартибга солувчи қонун ҳужжатлари мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.