“Ўзэнергоинспекция”нинг хулосасига асосан 164 миллион сўмдан зиёд маблағ тадбиркорга нисбатан ортиқча ҳисобланганлиги аниқланиб, суд томонидан ажрим чиқарилди.
Тадбиркорларни электр энергетика соҳасидаги қонун, қарор ва меъёрий ҳужжатлар билан таништириб бориш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш “Ўзэнергоинспекция”нинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланиб, бу йўналишдаги ташкил этилаётган ўқув семинарлари, учрашув ва суҳбатлар ўз самарасини бермоқда.
Инспекция мутахассислари томонидан мунтазам ўтказиб келинаётган истеъмол ҳисоботларини тўғри юритиш, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишни олдини олиш бўйича профилактик ишларнинг натижаси тадбиркорларни электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя этишларида ўз аксини топмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” фаолияти давомида тадбиркорлар, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ва суд органлари мурожаатларига асосан турли масалаларда ўз хулосаларини бериб келмоқда.
Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “Tex Yunol Servis” МЧЖ фойдаланилган электр энергияси учун “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан 164 931 310 сўм миқдордаги қарздорлик ҳисоблангани ва ушбу даъво Тошкент туманлараро Иқтисодий суди томонидан қаноатлантирилганлиги, бироқ тадбиркор бундай қарордан норози эканлиги ва бу ҳақида Тошкент шаҳар Иқтисодий судининг кассация инстанциясига шикоят тақдим этганини билдириб, мазкур масалада ёрдам беришини сўраб “Ўзэнергоинспекция”га мурожаат қилди.
Тошкент шаҳар Иқтисодий судининг кассация инстанцияси очиқ суд мажлисида иштирок этган инспекция мутахассисининг амалдаги қонун ва қоидалар асосида тақдим этган хулосасига кўра, тадбиркор фойдаланган электр энергияси учун ҳисобланган 164 миллион сўмдан зиёд маблағ ундирилиши асоссиз деб топилиб, Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг қарори ўзгартирилди.
Ушбу маблағ тадбиркор фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши бўйича суд томонидан ажрим чиқарилди ва тадбиркорнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига эришилди.