Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда маълум қилинишича, кейинги йилдан бошлаб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида янги тизим жорий этилади. Энди уйлар давлат томонидан эмас, тўлиқ хусусий сектор томонидан қурилади.
Давлат аҳолига ипотека кредитларини мақбул шароитларда бериш орқали уй-жойга талабни қўллаб-қувватлайди. Ипотека кредитлари бериш учун ресурслар миқдори банклар ва ҳудудлар бўйича чекланмайди.
Бу тизим таклиф сифатида жойларда муҳокама қилинганда, барча қурувчи-тадбиркорлар уни ижобий қабул қилган. Аҳолининг кредит олиш имконияти кенгайтирилса, нархи ҳозиргиларидан баланд бўлмаган, лекин сифати яхши уйлар қура олишини билдирган.
Шулардан келиб чиқиб, эндиликда шаҳарларда уй-жой қурилиши қуйидаги тартибда амалга оширилади.
Биринчидан, тадбиркорлик субъектлари ўз маблағи ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан пойтахтимиз ва шаҳарларда янги тартиб асосида 13 минг 750 та квартирали турар жойлар қурилишини амалга оширади. Бундай иморат ва мажмуалар лойиҳаси ҳам тадбиркорлар томонидан мустақил тайёрланади.
Иккинчидан, уй-жой қуриш учун ер майдонлари аукцион орқали ажратилади. Уларни сув ва канализация тармоқларига улаш, автомобиль йўллари қуриш тадбиркорлик субъектлари ҳамда республика ва маҳаллий бюджет маблағларидан молиялаштирилади.
Учинчидан, банклар ўртасида соғлом рақобат бўлиши учун Молия вазирлиги эндиликда уйларни харид қилишга ипотека кредити бўйича қарийб 3 триллион сўмга яқин давлат ресурсларини аукцион асосида банкларга ажратади.
Бундан ташқари, ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ташкил этилиб, унга Осиё тараққиёт банки маблағлари жалб қилинади, ушбу маблағлар ҳам янги қурилган уй-жойларни сотиб олишга ипотека кредити ажратиш учун банкларга қўшимча ресурс сифатида жойлаштирилади.