АсосийSiyosat

Кам таъминланганларга уйнинг бошланғич бадалини тўлаш учун давлат томонидан субсидия ажратилади

'Кам таъминланганларга уйнинг бошланғич бадалини тўлаш учун давлат томонидан субсидия ажратилади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 ноябрь куни қишлоқлар ва шаҳарларда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, эндиликла аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги, энг муҳими, аниқ манзилли тизим жорий этилади. Бунинг учун шаҳарларда 10 минг 800 та эҳтиёжманд оилага уйнинг бошланғич бадали ва кредит фоиз харажатларини тўлаши учун бюджетдан субсидия ажратилади. Ушбу субсидиялар орқали Тошкент шаҳрида 12 фоиз, бошқа ҳудудларда 10 фоиздан юқори кредит фоизлари ҳамда бошланғич бадали қоплаб берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва ипотека кредити фоизини қисман қоплаш масаласида таниш-билишчилик ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолатларига барҳам бериш кераклигини айтди. Бюджетдан ажратиладиган субсидиялар айнан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига етиб боришини сўзсиз таъминлаш лозим.

Субсидия учун келгуси йил бюджетидан 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилади ва умуман олганда 16 мингта оиланинг шаҳар ва қишлоқларда уй-жойлар сотиб олишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Аҳоли субсидия олиш учун талайгина ҳужжатлар тўплаб, қатор идораларда сарсон бўлиб юриш ҳолларига чек қўйилади. Энди аризалар Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ҳудудий бошқармаларида ташкил этилган доимий комиссияларда кўриб чиқилади ва кам таъминланган оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилади.

Ушбу комиссиялар таркибида банк, молия, солиқ, меҳнат, маҳалла ва бошқа идоралар вакиллари бўлади. Бундан ташқари, комиссия йиғилишида истаган фуқаро иштирок этиб, ўз фикрини билдириши мумкин бўлади. Қолаверса, субсидия бериш масаласи кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиниши лозим бўлади.

Ҳар бир вилоят ҳокимлиги 2020 йилда уй-жой сотиб олиш учун кам таъминланган оилаларни аниқлаш, уларга навбат билан субсидия тўлаш тартиби ва мезонларини ишлаб чиқиб, ўз ҳудудларида ижобий тажриба жорий этишлари зарурлиги таъкидланди.

Бошқа янгиликлар