Футбол бўйича 2015 йилги Осиё Кубоги ташкилотчилари мусобақа гуруҳ босқичининг энг чиройли голлари тўпламини тайёрлашди. Рейтинг кўринишида эмас, балки учрашувлар кетма-кетлиги бўйича сараланган голлар тўпламини YouTube’да томоша қилиш мумкин.
Мусобақа ташкилотчилари “В” гуруҳи 1-тури доирасидаги Ўзбекистон – Шимолий Корея (1:0) учрашувида ҳужумчи Игорь Сергеев, шунингдек, 3-тури доирасидаги Ўзбекистон – Саудия Арабистони (3:1) учрашувида ҳужумчи Воҳид Шодиев томонидан урилган голлар тўплам учун танлаб олишган.
Қайд этиш жоиз, ҳар иккала ҳолатда тўп бош билан киритилган – Игорь Сергеевнинг голига миллий терма жамоа сардори Сервер Жепаров ҳаммуаллифлик қилган бўлса, Шодиевга тўпни ўнг қанот ҳимоячиси Шавкат Муллажонов етказиб берган эди.
Эътиборли томони, Ўзбекистон – Хитой (1:2) ўйинида Игнатий Нестеров дарвозасидан ўрин олган ҳар иккала гол ҳам “энг чиройли голлар” қаторидан ўрин олган – дастлабкисида Ву Си жамоасининг чиройли комбинациясини муваффақиятли тугатган бўлса, кейинроқ Сун Ке узоқ масофадан гол урганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги-2015 гуруҳ босқичида жами бешта гол урди. Уларга, Игорь Сергеев ва Воҳид Шодиевдан ташқари, Одил Аҳмедов (Хитойга қарши ўйинда) ва Сардор Рашидов (Саудия Арабистонига қарши ўйинда, иккита гол) муаллифлик қилган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 22 январь, пайшанба куни Осиё Кубоги-2015 чорак финал босқичи доирасида Австралиянинг Мельбурн шаҳрида Жанубий Корея терма жамоасига қарши майдонга тушади. Ўйин Тошкент вақти билан 12:30да бошланади.
Манба: www.kun.uz





