1

Бир мурожаат изидан: Директорсиз мактаб можароси.

ЭРКИН МИНБАР 09.12.2019, 15:47
Бир мурожаат изидан: Директорсиз мактаб можароси.

Таҳририятимизга келган навбатдаги мурожаатни ўрганиш мақсадида Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига бордик. Шаҳар халқ таълими бўлими ва Оҳангарон шаҳар 2-умумий ўрта таълим мактаби директори устидан қилинган шикоят аризасининг қанчалик асосли эканлигини ўрганишга киришдик.

“БУ ЖАРИМА ҲАММАМИЗ УЧУН! НЕГА МЕН ТЎЛАШИМ КЕРАК?”

Мазкур мактаб ўқитувчилари Шамшихонов С. ва Айнакулова М.ларнинг келтиришларича, 2019 йилнинг август ойида 2-мактаб директори Ш.А. мактаб мажлисида тегишли ташкилотлардан унга солинган жарималарни ўқитувчилардан тўлашни талаб қилган, яъни “Бу мактабнинг иши, нега мен чўнтагимдан тўлашим керак? Ҳамма 10 000 сўмдан йиғиб беради”, - дея шарт қўйган. Аввалига ўқитувчилар индамасдан бошлиқнинг “асосли” талабини бажарадилар ва ҳар бири 10 000 сўмдан йиғиб беришади. Кейин орадан 1 ой вақт ўтар ўтмасдан, директор Ш.А. яна мажлис ўтказиб, Бандликка кўмаклашиши марказига ваканция соатлари бўйича ҳисоботларни кечиктирганлиги учун унга 10 “оклад” жарима солингани ва шу сабабли яна пул йиғиб беришларини айтади. Энди улар жим туришолмади. Бу аҳвол давом этаверса, бошлиқ “ёмон ўрганиши” аниқ эди. Бу сафар улар “бош кўтариб”, қатъий норозилик билдиришади. Бунга жавобан эса директор: “Агар пул йиғиб бермасанг, прокуратура келиб, ҳаммангни атакангни чиқаради”, - дея дўқ-пўписа қилади... Мана шу важлар билан мурожаатчимиз Шамшихонов С. Оҳангарон шаҳар ва Тошкент вилояти прокуратурасига, шаҳар Халқ таълими бўлимига шикоят билан мурожаат қилади. Ва қарийб 1 ойдан ошиқ вақт ўтиб кетганлигига қарамасдан шикоят аризасига туман ва вилоят прокуратурасидан ҳалигача жавоб олмаганини айтмоқда. Бундан ташқари, мурожаатчимизнинг шаҳар Халқ таълими раҳбариятини 2019 йил 1 январдан бошлаб ўқитувчилар ойлик маоши 1,1 баравар оширилган бўлсада, уларга январ-апрел ойларида эски тартибда ойлик тўлаб келгани, мактаб директорини мактаб штатида ёзилган ходимлар ва ишловчи ходимлар ўртасида номутаносибликлар борлиги бўйича шикоят аризасига жавобан Тошкент вилояти Давлат молиявий назорат бошқармаси томонидан тафтиш ўтказилиб, ўқитувчиларга етказилган зарар қоплаб берилган ва шикоят аризаси қаноатлантирилган. Лекин 2019 йил май ойида тафтиш ўтказилганига қарамасдан, 2-мактаб директори Ш.А.га нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган. Суриштирувимиз давомида 2-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари билан ўтказган суҳбатимиз мобайнида улар ҳам юқоридаги маълумотларни тасдиқлашди.Фақатгина 2019 йил 24 октябрь куни Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармасининг буйруғига асосан Оҳангарон шаҳридаги 6-мактаб директори М.А. ҳамда 2-мактаб директори Ш.А. “ротация”,  яъни ўрин алмаштириб қўйиш усули орқали директорликка тайинлаб қўйилади. Буни нормал холат, Халқ таълими сохаси тажрибасида бор тартиб дейиш мумкин эди. Лекин ротация орқали тайинланган директорлар эр-хотин эканлиги 2-мактаб жамоасини фиғонини фалак қилиб, янги тайинланган мактаб директори М.А. турмуш ўртоғи Ш.А.нинг аламини олади энди дея бу қарордан норози бўлишган ва суриштирувимиз давомида биз ҳам бунинг гувоҳи бўлдик. 

ТАСОДИФЛАР ТАСОДИФАН БЎЛМАЙДИ...

Мавзу юзасидан саволлармизга жавоб олиш мақсадида Оҳангарон шаҳар Халқ таълими бўлими раҳбарияти билан учрашдик. Бўлим мудири Ф.Ахмадханова янги тайинланган раҳбар эканлигини айтиб, тайинланганидан кейин мурожаатчиларнинг шикоятлари ўрганиб чиқилиб, ўз ваколати доирасида иш кўрганлигини, аввалига ротация бўйича вилоят Халқ таълими бошқармасига директорлар бўйича тавсия берганини, кейин бу буйруқ мактаб жамоасини қаноатлантирмагач, иккала директор ҳам ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганлигини билдирди. Лекин ротация нега айнан эр-хотин раҳбарлар ўртасида қилинди, деган саволимизга бўлим мудираси аввалига бу ҳолат тасодиф эканлигини, гўёки уларнинг эр-хотин эканлигини билмаганини, кейин эса “ротацияда эр-хотин алмаштирилмайди деган жойи йўқ”, дея вазиятга “ойдинлик киритди”. Шаҳар Халқ таълими бўлими юристи И.Имоновдан шу пайтгача нега мактаб директорининг қилмишларига қонуний чоралар кўрилмаганлиги сўралганда “бизга ҳеч ким мурожаат қилмаган” деган жавоб билан кифояланди. 

МАКТАБДА ҲАЛИГАЧА ДИРЕКТОР ЙЎҚ...

Мавзуга Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Н.Раҳмонқулова шундай изоҳ берди:

– Оҳангарон шаҳар 2-умумий ўрта мактаби таълим сифати кўрсаткичлари бўйича жуда қуйи ўринларда туради. Мактаб биноси ҳам авария ҳолатида. Мана шундай вазиятда бунақанги “директорлар машмашаси” ҳам жуда оғриқли масала. Биз мактаб директорларининг ишдан бўшаш аризаларидан фақатгина 2-мактаб директори Ш.А.нинг аризасини қаноатлантириб, ўз хизмат вазифасидан озод қилдик. Унинг аёли М.А.ни эса, ўз фаолиятини олиб борган 6-мактабга директор лавозимига қайтардик. Чунки шикоят унинг эмас, турмуш ўртоғи Ш.А.нинг устидан қилинган. Биз 2-умумий ўрта таълим мактаби Кузатув кенгаши томонидан мактаб директорлигига лойиқ номзод бўлса, бажонидил директор қилиб тайинлашга тайёрмиз. Ротациянинг тасодифлигига келсак, у ҳеч қандай тасодиф бўлмайди. Шаҳар Халқ таълими бўлими ўзи билган, ўрганиб чиққан номзодлари бўйича бизга тақдимнома киритади ва биз уларнинг тавсиясига асосан раҳбарларни ротация қиламиз.

Ушбу суриштирувимиз натижасида қуйидаги саволлар очиқ қоляпти:

  1. Нега мактабга ҳалигача директор тайинланмади? (Ваҳоланки, 1 ойдан ошиқ вақт ўтди.)
  2. Оҳангарон шаҳар ХТБнинг 2019 йил январ-апрел ойларида ўқитувчиларга маошларни кам ёзгани, Собиқ мактаб директори Ш.А.нинг мактаб иш ўринларида “ўйинлар” қилгани, мактаб ўқитувчиларидан мунтазам равишда пул талаб қилгани ва пул бермаган ўқитувчиларга прокуратура номидан ишчи гуруҳ чақириш билан пўписа қилганлиги юзасидан ҳеч қандай қонуний чоралар кўрилмасдан, фақат ишдан бўшатилиб, интизомий жазо билан кифояланганида қандай асос бор?

Масъуллардан изоҳ кутиб қоламиз...

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1