my5
25

Донор бўлувчи яқин қариндошлар рўйхати кенгайтирилиши мумкин

САЛОМАТЛИК 12.12.2019, 14:04
2095
Донор бўлувчи яқин қариндошлар рўйхати кенгайтирилиши мумкин

Сўнгги йилларда тиббий хизмат кўрсатишда замонавий инновацион технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида ҳудудларда икки мингдан зиёд жарроҳлик операциялари ўтказилиб, шундан 1100 дан ортиғини юқори технологияга асосланган мураккаб амалиётларни ташкил қилди.

Шулар қатори юртимизда янги - трансплантация соҳаси ҳам такомиллашиб бормоқда. Сўнгги икки йил давомида Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий амалий тиббиёт марказида 230 дан ортиқ буйрак, 5 та жигар, Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказида эса 68 та буйрак трансплантацияси операциялари ўтказилиб, жами 300 нафардан зиёд фуқароларимизнинг юқори технологик операциялар учун хориж давлатларига боришининг олди олинди.

Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг энг илғор йўналиши — ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйишди. Табиийки, бу нафақат инсон аъзоларини трансплантацияси бўйича фуқароларнинг чет элга чиқиб кетишининг камайишига, балки аҳолининг трансплантация ёрдамидан баҳрамандлик даражаси ошишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, трансплантация ёрдамига муҳтож беморлар рўйхати ҳам кенгайиб бормоқда. Бундан ташқари, сўнгги икки йил давомидаги амалиёт шуни кўрсатдики, яқин қариндошларни донор сифатида белгиланган шахслар чекланган доираси ҳам амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо қилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, 2020 йилда “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби ҳақида Вақтинчалик низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, трансплантация операцияларини амалга оширишга рухсат берилган давлат тиббиёт муассасалари сонини ошириш, шу жумладан, ҳудудларда ҳам бу амалиётни йўлга қўйиш ҳамда трансплантация қилиш амалиётларида донор бўлувчи шахсларнинг яқин қариндошлари рўйхатига ўзгартириш киритилиб, янада кенгайтирилиши кўзда тутилмоқда. Яъни беморнинг иккинчи, учинчи, тўртинчи даражали қариндошлари ҳам донор бўлиши мумкин, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирининг матбуот котиби.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+25° ясно
Валюта курси
10209.86
USD 2.17
12021.09
EUR 125.05
137.46
RUB -4.91