1

Токиода Ўзбекистонда яшаган япон олими ҳаётига бағишланган кўргазма очилди

МАДАНИЯТ 16.12.2019, 18:32
Токиода Ўзбекистонда яшаган япон олими ҳаётига бағишланган кўргазма очилди

Аввал хабар қилинганидек, Япониянинг Токио шаҳрида "Ўзбекистон ва Япония – Буюк Ипак йўлида" халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда. 

Тадбир Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, тадқиқ этиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий   ассоциацияси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ташаббуси билан  бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташқилотлар кўмагида ташкил этилди.

Анжуман доирасида умрининг катта қисмини Ўзбекистон ҳудудидаги археологик тадқиқотларга бахш этган япониялик олим Кюдзо Като ҳаёти ва фаолиятига ҳақидаги кўргазма очилди. Унда олимнинг ҳаёт йўлини акс эттирувчи фотосуратлар, ҳужжатлар, илмий асарлар, шахсий буюмлар намойиш қилинмоқда. 

Таниқли олим Кюдзо Като юртимиз тарихи, маданияти ҳақида қатор асарлар ёзган, ўзбек олимларининг китобларини япон тилига таржима қилган эди. Юртимиз тарихи ва маданиятини тадқиқ этишга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан тақдирланган, Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси унвонига сазорв бўлган эди. У 2016 йил сентябрь ойида 94 ёшда Сурхондарё вилоятида археологик тадқиқотларни давом эттираётган пайтда ҳаёт билан видолашган. Япон археологи, антрополог, тарихчи ва этнограф, Япония миллий этнологик музейи фахрий профессори Кюдзо Като номини ўзбекистонлик зиёлилар ҳамиша эҳтиром ва ғурур билан тилга олишади. Бугун Термиз шаҳрида Като номи билан аталадиган кўча ва мактаб бор. 

- Келгуси йилда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда Като музейи ва ёдгорлик мажмуаси барпо этилади, - деди кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, академик Aкмал Саидов.

Кўргазманинг очилишида тадқиқотчи Кюдзо Като ҳақидаги "Ўзбекистон япон олими қалбида" китоби тақдим этилди.

Тадбирда икки ўлканинг давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, олим ва тадқиқотчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, марҳумнинг яқинлари иштирок этишди. 

- Турмуш ўртоғимнинг ҳаёти ва фаолиятига кўрсатилган юксак эътибор учун Ўзбекистон ҳукуматидан, ташкилотчилардан беҳад миннатдорман, - деди марҳум олимнинг беваси Садако Като. – У ўзига берилган умрни муносиб тарзда яшаб ўтди ва икки халқнинг маданий алоқаларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди. Бугун унинг ишини кўплаб издошлари давом этираётганидан мамнунман. 

Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, тадқиқ этиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов  Като хонимга яқинда давлатимиз раҳбари табрик сўзи билан чоп этилган “Марказий Осиё маданий мероси Япония тўпламларида” китоб-альбомининг бир нусхасини туҳфа қилди. 

- Бундай ажойиб тадбир ташкилотчиларига ўз ташаккуримни билдираман, - деди Токио Фалсафа институтида тадқиқотчи Кавасаки Кензо. – Ўйлайманки, бундай учрашувлар дунё олимларининг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш учун жуда муҳимдир. Бизнинг мамлакатларимизни инсон қўли билан яратилган тарих ришталари боғлаб туради. Устозим Кюдзо Като ҳам ана шу шонли тарихнинг бир бўлаги эканидан фахрланаман. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил  17-20 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Японияга расмий ташрифи арафасида бир қатор маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва кўргазмалар, тақдимот маросимларини ўтказиш кўзда тутилган. 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1