1

Қўл билан бериб, оёқ билан югурманг, ёхуд қарз бериб ололмай юримаслик учун...

СУҒДИЁНА 03.02.2015, 15:10
Қўл билан бериб, оёқ билан югурманг, ёхуд қарз бериб ололмай юримаслик учун...

Ўзини мулоҳазали санаган ҳар қайси киши яхши таниш бўлмаган одамига катта миқдорда қарз бермаслиги турган гап. Одатда бундай қарзларни қариндошлар ёки дўстлар сўрашади. Шундай вазиятлар бўладики, айнан ишонган инсонларинг панд бериб, пулни қайтириш ўрнига қоп-қоп ваъдалар билан қўйнингни тўлдиришади.

Доно халқимиз “Қарзни қўлинг билан бериб, оёғинг билан оласан” деб бежиз айтмаган. Йиллар давомида тўплаган тажриба бу гапнинг нақадар тўғри эканини исботлаб турибди. Буни қарангки, қарз ҳақида олган одам эмас, балки берган одам кўп эслар экан.

Ишонган одамингиз ишончингизни суистеъмол қилдими? Аввало пулни қайта сўраганда юзага келадиган айбдорлик ҳиссини бартараф этинг. Бу пул сизники, уни пешона терингиз билан ишлаб топгансиз, демак сўрашга ҳаққингиз бор!

Қарздордан қарз ундириш сирлари:

  1. Кичик суриштирув ўтказиш зарар қилмайди. Сиздан қарздор инсоннинг ҳозирги яшаш тарзи, оилавий ҳолати ҳамда ишидаги вазиятни ўрганиш керак. “Пулни қайтара оладими, йўқми?” деб ўйлаш сизга ортиқчалик қилар, бироқ бу билан қарзни қайтиб келиш имкониятини ўрганган бўласиз. Юзма-юз суҳбат қурганингизда пул ҳақида гап орасида айтиб ўтинг. Аммо жаҳл қилиб, қаршингиздаги кишини қўрқитиб юборманг. Кейин уни умуман тополмай қолишингиз мумкин.
  2. Вазиятга қараб иш кўринг. Агар суриштирувларингиз натижасига кўра қарздорда қарзни қайтариш учун етарли маблағ борлиги аниқланса, актёрлик маҳоратингизни ишга солинг. Молиявий жиҳатдан аҳволингиз танг эканлигини, жуда қийналиб кетганингизни гапиринг. Одатда раҳмимиз келганидан қўлимиздаги сўнгги чақани ҳам бериб юборамиз. Виждони бор одам бу гаплардан кейин қарзини қайтариши турган гап. Ишнинг уруш-жанжалсиз битгани яхши эмасми?
  3. Ҳар ким ҳам ўз обрў-эътиборини пулдан устун қўяди. Қарздор сизни алдаб юргани ҳақида қариндош, таниш-билиш ҳамда дўстлар даврасида икки-уч маротаба айтиб ўтинг. Бу шунчаки руҳий босим бўлиб, аксарият ҳолларда у яхшигина натижа беради. Тўғри, уни ахлоқсиз деб аташингиз мумкин, лекин ваъдасида турмаган одобсиз ўз иши ҳақида ўйлаётганмикан?
  4. Юқоридаги тавсияларнинг бирортаси фойда бермадими? Жуда қайсар ва сурбет кишига қарз берган кўринасиз?! Энди “Б” режаси асосида иш кўришга тўғри келади. Биринчидан, қарзни қайтариб олишга қатъий бел боғлаганингиз ҳақида айтинг. Иккинчидан, энди қарздордан гувоҳлар иштирокида қарзни қайтариш муддати кўрсатилган тилхат ёздириб олинг ёки унга тегишли бирор қимматбаҳо мулкни гаров сифатида бериб бутиришини талаб қилинг. Учинчидан, (бу камдан-кам аммо иложсиз ҳолатларда амалга оширилади) қарздорнинг сизга берган мулкини сотишга қўйинг. Тўртинчидан, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларга тилхат билан бирга қарздор устидан ариза ёзиб берса бўлади. Тилхат ёзилган санасидан бошлаб уч йилгача судга асос сифатида кўрсатилиши мумкин.

Қариндошлар ва яқинларга пул бериб туришдан аввал яхшилаб ўйлаб кўринг, у умуман сизга қайтиб келмаслиги ҳам мумкин. Бердингизми?! Унда асабларни пўлатдан ясанг-да, сабр қилинг... Қарзни қайтариб олишда дўқ-пўписадан кўра, ақл-мулоҳаза  яхшироқ иш беришини унутманг. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1