2019 йил 24 декабрь куни Зафаробод туманида яшовчи 50 ёшли Ш.Ў. туман ИИБ га ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг вояга етмаган ўғли 2002 йилда туғилган Р.Н. Дўстлик кўчасидаги уйларнинг олдида кетаётганида номаълум шахс унга ҳужум қилганини маълум қилган.
Маълум бўлишича, номаълум шахс болани ушлаб олиб, қўрқитиб, уриб тан жароҳати етказиб, бир дона баҳоси 900.000 сўмлик “Samsung” русумли уяли телефон аппаратини тортиб олиб, очиқдан очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинганлигини, ушбу шахсни аниқлаб унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган 41 ёшли С.Б. содир этганлиги аниқланиб, ундан “Samsung” русумли телефон аппарати тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Зафаробод туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан С.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 4-қисми “б” банди (ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича жабрланувчи вояга етмаган Р.Н. 3 нафар шахслар орасидан айнан С.Б.ни таниб олган ва С.Б.га нисбатан ушбу модда билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, дея хабар беради, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.






