1

Санжар Турсунов: «Бизда ҳозир Шацких каби ҳужумчилар йўқ»

СПОРТ 09.02.2015, 08:44
Санжар Турсунов: «Бизда ҳозир Шацких каби ҳужумчилар йўқ»

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов айни вақтда «Ворскла» билан Туркияда йиғин ўтамоқда. Ярим ҳимоячи украиналик журналистларга Осиё Кубоги бўйича интервью берди, деб хабар беради «Stadion.uz».

Савол: Санжар, ўзбек мухлислари терма жамоадан яхшироқ натижа кутган бўлса керак?

Жавоб: Албатта. Ўзимиз ҳам камида тўрт йил олдинги натижани яхшилашни ва медаллар билан қайтишни режалаштиргандик. Аммо омадимиз келмади. Чорак финалда ёмон ўйнамадик, аммо қўшимча бўлимда кореяликларга имкониятни бой бердик.

Савол: Украинада Ўзбекистон терма жамоасини Максим Шацких орқали яхши биладилар. Жамоангизга тўпурар ҳужумчи етишмадими?

Жавоб: Бу ҳужумчининг тажрибаси бизга қўл келган бўларди, албатта. Бизда ҳозирча Макс каби тўпурар ҳужумчи йўқ. Аммо ёш ва иқтидорли футболчилар бор ва улар келажакда албатта ўзларини кўрсатади.

Савол: Бизнинг эски танишимиз — ‘Днепрънинг собиқ футболчиси Виталий Денисовнинг ишлари қандай?

Жавоб: Ажойиб. Виталик – терма жамоамиз етакчиларидан бири ва Австралияда кучли ўйин намойиш қилди. У билан болаликдан танишмиз. Етти ёшдан бирга ўйнаганмиз. Яқинда эски видеолавҳа топиб олдик, унда болаликдаги мураббийимиз ‘Динамўга қарши ўйин олдидан бизга кўрсатма бераётгани ёзиб олинган экан. Ўшанда биз 11 ёшли бола эдик ва Украинадаги мусобақада ғолиб чиққанмиз. Ғалабадан сўнг ‘Динамў бизнинг таркибдан 7 нафар болани танлаб олиб, ўз мактабига таклиф қилганди. Аммо ота-онамиз уйдан узоққа қўйиб юбормаган.

Савол: Терма жамоангизда легионерлар кўпми?

Жавоб: Етарлича. Тўрт йил олдин кам эди, аммо Қатардаги мусобақада муваффақиятли ўйнагач, йигитлар хорижга таклиф ола бошлади.

Савол: Австралиядаги мусобақа ташкилотчилиги ёқдими?

Жавоб: Ҳа, ҳаммаси юқори савияда эди. Стадионлар яхши экан. Аммо шунга қарамасдан Австралияда футбол биринчи ўринда турмаслиги сезилиб турди. Уларда кўпроқ регби, крикет ва теннисни қадрлашади. Айни ўша вақтда Австралияда Осиё Кубоги билан биргаликда теннис бўйича Австралия очиқ чемпионати ҳам ўтказилаётган эди.

Савол: Австралия терма жамоасининг ғалабаси ҳайрон қолдирдими?

Жавоб: Умуман олганда, кўпчилик Япония ғолиб чиқишини кутаётган эди. Аммо улар сенсацион тарзда чорак финалда БААга мағлуб бўлди. Австралия терма жамоаси ҳам анча кучли, улар тўрт йил олдин финалда ўйнаган эди.

Савол: Финалда Кореяга мухлислик қилдингизми?

Жавоб: Йўқ, мен финални томоша қилмадим. Ўша вақтда «Ворскла» йиғини учун Туркияга йўл олаётгандим. Кейин қисқа лавҳалар томоша қилдим ва ўйланиб қолдим. Жанубий Корея бизга қарши кечган ўйинда қай даражада омадли бўлса, финалда ўша омад улардан юз ўгирибди. Улар ҳам қўшимча бўлимларда мағлуб бўлди.

Савол: Финал ўйинини ҳамюртингиз Равшан Эрматов бошқармагани ҳайрон қолдирдими?

Жавоб: Ҳа, бу ҳаммани ҳайрон қолдирди, чунки у Осиёнинг энг яхши ҳаками бўлиб турибди. Аммо у Осиё Кубоги очилиш ўйинини бошқарган эди. Умуман олганда, Австралияда ҳакамлик у қадар юқори савияда бўлмади. Мен ўзимизни оқламоқчи эмасман, аммо ҳакамлик борасида саволлар жуда кўп бўлди.

Савол: Ўйинлар ва машғулотлардан бўш вақтларингизда Австралия табиати билан танишдингизми?

Жавоб: Бизда вақт кўп бўлмади, чунки ҳар бир ўйинни турли шаҳарларда ўтказганимиз туфайли мудом у ёқдан бу ёққа учишга тўғри келди. Аммо баъзи нарсаларни кўришга улгурдик.

Савол: Кенгуру томоша қилдингизми?

Жавоб: Албатта. Ҳайвонот боғига бордик. Аммо ўзимиз кутганимиздек икки метрли кенгуруларни кўра олмадик, у ерда фақат кичик кенгурулар бор экан (кулади). Яна Сиднейдаги машҳур опера театрига ҳам бордик. Австралия — чиройли мамлакат.

Савол: Энди Ўзбекистон терма жамоасининг режалари қандай?

Жавоб: Жаҳон чемпионатига бориш вақти келди, деб ўйлаймиз. Охирги саралашда бизга бирозгина етмай қолган эди. Умид қиламанки, келгуси сафар имкониятни қўлдан чиқармаймиз.

Савол: Таъбир жоиз бўлса, кемадан тушганингиз заҳоти яна байрамга тутилдингиз. Қишда бироз бўлса ҳам дам олдингизми?

Жавоб: Йўқ (кулади). Украинада биринчи давра якунига етгани ҳамон терма жамоа йиғинига жўнаб кетдим. Дам олишга мутлақо фурсат бўлмади. Аммо шунга қарамасдан бош мураббий Василий Сачкога раҳмат айтмоқчиман. У менга бу ерда, Туркияда бироз нафас ростлашга имкон берди. Ҳозир жамоа билан бирга бўлсам-да, машғулот ўтамаяпман, дам олиб, куч тўпламоқдаман.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1