АсосийJamiyat

Республикамиз божхоначилари томонидан заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди

Тошкент вилояти “Навоий” чегара божхона пости ходимлари томонидан қўшни давлатдан кириб келаётган пойтахтлик О.Мақсудованинг (мақоладаги барча исми шарифлар ўзгартирилган) қинғир қилмишларига нуқта қўйилди. Бу ҳақда uz24.uz нашри Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати маълумотлари асосида хабар беради.

Божхона кўриги давомида йўловчининг ортиқча безовталаниши божхоначиларда шубҳа уйғотди. Шундан сўнг ушбу аёл холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, кийимлари орасидан оёғига полиэтелин ўрамларни боғлаб олганлиги аниқланди. Ўрамлар очиб кўрилганда эса уларга йўловчи божхона декларациясида қайд қилинмаган 25 дона турли тилла тақинчоқлар ва 16 дона тилла қуймалари яширилган экан. Жами оғирлиги 70 гр.дан ортиқ мазкур тилла бойликларининг умумий қиймати дастлабки маълумотларга кўра, салкам 8.5 млн. сўмни ташкил қилади.

“Москва-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиси наманганлик У.Юсупова ҳам қиймати 11,7 млн. сўмдан ортиқ бўлган 78,31 гр. оғирликдаги заргарлик буюмларини божхона назоратидан бекитишга урингани боис “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари қаршисида ер чизиб қолди.

Истанбулдан учиб келган бухоролик Д.Ботированинг “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комлпекси ходимларининг кўзини шамғалат қилишга бўлган уриниши наф бермади. Холислар иштирокидаги шахсий кўрик давомида бу аёл яширинча олиб киришга мўлжалланган қиймати 3 млн. сўмдан ортиқ бўлган 50 гр. оғирликдаги тилла тақинчоқларни курткасининг чўнтагидан чиқаришга мажбур бўлди.

Айни шу рейс билан учиб келган яна бир бухоролик – Ш.Сапаеванинг ҳам Туркия саёҳати ўзи учун ёқимсиз якун топди. Йўловчи божхона декларациясида ҳамда божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб бу аёл 86 гр. оғирликдаги тилла буюмларни олиб киришга урингани боис пойтахт халқаро аэропортини тарк этиши бироз чўзилди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва  суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Республикамиз божхоначилари томонидан 2014 йилда республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 287 та божхона қоидабузларликлари фош қилиниб, натижада қиймати 13 млрд. сўмдан ортиқ бўлган 118 кг. оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

    Бошқа янгиликлар