АсосийSport

Олимпия ўйинлари ўзбек спортчиларининг ғалабаларига бой бўлади

Мамлакатимиз спортчилари 2016 йилги ёзги Олимпия ўйинларига пухта ҳозирлик кўрмоқда. Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу борадаги ишлар тизимли асосда олиб борилмоқда. 

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек ҚОСИМОВ мазкур қарор ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди: 

– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида халқимиз турмуш даражаси, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора юксалиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, тўкинлик ва фаровонлик жисмоний тарбия ва спорт ривожида ҳам муҳим омил бўлмоқда. 

Давлатимиз раҳбари томонидан мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ миллат генофондини соғломлаштириш, баркамол авлодни вояга етказишнинг асосий воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ана шу эътибор оғушида улғайган болалар ҳар томонлама соғлом, мустаҳкам иродали бўлиб вояга етди. Профессионал спортчиларимиз сафи кенгайди. Бугун Ўзбекистон спорт мамлакати, ёш авлодга ғамхўр давлат, деган эътирофларга сазовор бўлмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунининг ҳаётга татбиқ этилиши, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг узвий ва муҳим бўлаги бўлган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақаларининг ташкил этилиши, Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг тузилиши соҳа ривожини янги босқичга кўтарди. 

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мустақиллигимиз эълон қилинганидан атиги бир неча ой ўтиб – 1992 йил 21 январда ташкил этилган. 1993 йил сентябрь ойида Халқаро олимпия қўмитасига аъзо бўлган. Шундан буён мамлакатимиз спортчилари ёзги ва қишки Олимпия ўйинларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. 

Мамлакатимизда олимпия ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилган қатор ишлар халқаро спорт ташкилотлари томонидан юксак эътирофга сазовор бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Халқаро олимпия қўмитаси, Осиё олимпия кенгаши, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг олий нишонлари билан тақдирланиши фикримиз далилидир. 

Қўмитамиз жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Спортчи ва мураббийлар малакасини ошириш мақсадида халқаро семинарлар, илмий-амалий конференциялар, минтақавий форумлар ташкил этилмоқда. Спортчиларимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда мунтазам қатнашиши таъминланмоқда. 

1996 йилги Атланта Олимпиадасидан 2012 йилги Лондон Олимпиадасигача, 1994 йили Лиллихаммердаги қишки Олимпиададан 2014 йили Сочида ўтган қишки Олимпия ўйинларигача бўлган нуфузли мусобақаларда юртимиз спортчилари 6 олтин, 5 кумуш ва 10 бронза медалга сазовор бўлди. Осиё ўйинлари, ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, жаҳон универсиадаларида қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи ҳам тобора ортиб бормоқда. 

Бундай ғалабалар ўз ўзидан бўлмайди, албатта. Булар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имконият яратиш, профессионал спортчиларни тарбиялаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир. 

Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар, спорт федерациялари томонидан изчил ишлар олиб борилмоқда. 

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштириш учун қатор ташкилий ишлар амалга оширилди. Янги бошқарма ва бўлимлар ташкил этилди. Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қўмитанинг ҳудудий вакиллари фаолияти йўлга қўйилди. Жойларда спорт тадбирларини кенг миқёсда ўтказиш, иқтидорли ёшларни кашф этиш уларнинг муҳим вазифаси этиб белгиланди. 

Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш ва ушбу мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаш имконияти юқори бўлган истиқболли спорт турлари аниқланиб, улар бўйича федерацияларнинг фаолияти атрофлича ўрганиб чиқилди. Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим федерациялар бирлаштирилди. Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларга ҳомийлар бириктирилди. 

Давлатимиз раҳбарининг қарори ижроси доирасида 2013 йил 2 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Ўзбекистон олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Жамғарма маблағлари республика спорт федерацияларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга йўналтирилмоқда. 

Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон спортчи ва мураббийларига стипендия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчи ва уларнинг устозлари ҳар ойда рағбатлантириб борилмоқда. Спортимиз фахрийлари, юртимизда фаолият кўрсатаётган терма жамоаларнинг маслаҳатчи мураббийларининг ойлик маошлари ҳам ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланмоқда. 

Пойтахтимизда қад ростлаётган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биносида сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда Ўзбекистон спортчиларини тиббий-биологик хизмат ва спорт психологияси билан таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган марказ ташкил этилади. Олимпия спорт турлари бўйича терма жамоа аъзолари ана шу марказда тиббий кўрикдан ўтади. Марказда энг замонавий тиббий ускуналар ўрнатилади, мамлакатимиз билан бирга Германия, Жанубий Корея, Россия каби қатор давлатлардан таклиф этилган етакчи шифокорлар фаолият олиб боради. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бундай тиббий марказ дунёнинг саноқли давлатларидагина мавжуд. 

Спортчиларимиз йил давомида ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиб, тажриба ва маҳоратини ошириб бормоқда. Олимпия спорт турлари бўйича ўн тўртта федерация ва ассоциацияларга бириктирилган 106 спорт базасида бунинг учун барча зарур шароит яратилган. 

Мураббийларнинг билим ва малакасини ошириш мақсадида халқаро ўқув ва илмий-амалий семинарлар ташкил қилинмоқда. Бу машғулотларга барча вилоят ва туманларда фаолият кўрсатаётган мураббийлар жалб этилмоқда. Улар халқаро федерациялар ва спорт ташкилотларининг тажрибали мутахассислари бошчилигида назарий ва амалий билимларини бойитмоқда. Олимпия спорт турлари бўйича халқаро федерацияларда мамлакатимиз мутахассислари фаолиятини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Президентимиз қарори ижроси юзасидан амалга оширилган бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётир. 2013-2014 йилларда мамлакатимизга келган Осиё олимпия кенгаши, Осиё Паралимпия қўмитаси, Халқаро оғир атлетика, бокс, қиличбозлик, енгил атлетика ва гимнастика федерациялари, Бутунжаҳон кураш иттифоқи, Осиё таэквондо иттифоқи, Жаҳон допингга қарши кураш агентлиги каби қатор халқаро спорт ташкилотларининг раҳбар ва вакиллари Ўзбекистонда олимпия харакатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди. 

2014 йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII ёзги Осиё ўйинлари арафасида ташкил этилган Осиё олимпия кенгашининг 33-ассамблеясида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистонда олимпия харакатини ривожлантириш борасида олиб бораётган ишлари, ҳамюртларимизнинг Осиё қитъасида спортни янада юксалтиришга қўшаётган ҳиссаси учун Осиё олимпия кенгашининг энг юксак мукофотига сазовор бўлди. 

Ўзбекистон спортчиларининг халқаро майдонларда эришаётган ғалабалари ҳам тобора ортиб бормоқда. Жумладан, 2014 йили Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган II ўсмирлар Олимпиадасида ёш спортчиларимиз 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медалига сазовор бўлиб, юртимиз ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини яна бир бор бутун дунёга намойиш этди. 

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган XVII ёзги Осиё ўйинлари ва II Параосиё ўйинларида ҳам спортчиларимиз Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Осиё ўйинларида 61 нафар спортчимиз совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган бўлса, Параосиё ўйинларида юртдошларимиз 22 бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Бундан ташқари, 15 нафар паралимпиячимиз 2016 йили Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган XV Паралимпия ўйинларининг йўлланмаларини нақд қилиб қўйди. 

Ўтган мавсумда истиқболли спорт турлари бўйича нуфузли мусобақалар – жаҳон ва Осиё чемпионатлари, ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари, ёзги Осиё ўйинларида ҳамюртларимиз 59 олтин, 50 кумуш ва 80 бронза, жами 189 медални қўлга киритди. Айниқса, бадиий ва спорт гимнастикаси, трамполин, эркин, юнон рум ва хотин-қизлар кураши, бокс, оғир атлетика, таэквондо (WTF), дзюдо, академик, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, енгил атлетика, ўқ отиш усталари эришган ғалабалар ушбу спорт турлари бўйича имкониятларимиз юқори эканидан далолат берди. 

2015 йилги спорт мавсуми масъулиятли мусобақаларга янада бой бўлади. Мамлакатимиз олимпиячилари жаҳон ва қитъа чемпионатлари, нуфузли турнирларда Бразилияда ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун курашади. Ушбу мусобақаларда спортчиларимиз аввалгилардан-да кўпроқ йўлланмаларни қўлга киритиб, Олимпиадада юксак ўринларга сазовор бўлишига ишонамиз.

Манба: UzA

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар