"Олтин қалам" миллий мукофоти танловига яна иккита номинация қўшилди

ШОУ-БИЗНЕС 11.02.2015, 18:47
"Олтин қалам" миллий мукофоти танловига яна иккита номинация қўшилди

Журналистика соҳасида “Олтин қалам” Х Миллий мукофоти учун халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси И.Ҳалимбеков, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева, маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Д.Муллажонов, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори А.Тўраев, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари К.Пиккат ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар демократик ислоҳотларнинг муҳим қисмини ташкил этаётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб таъсис этилган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун танлов журналистиканинг энг илғор ютуқларини кенг оммалаштириш, оммавий ахборот воситалари ходимлари фуқаролик позициясини намоён этиши, журналистларда танқидий фикрлашни, ўз фаолиятига янгича ёндашувларни янада ривожлантириш учун кенг имконият яратмоқда. 

Бу йилги танловнинг ўзига хос жиҳати – асосий мукофотлар қаторига “Энг яхши матбуот хизмати” ва “Энг яхши фоторепортаж учун” рағбатлантирувчи номинациялари ҳам қўшилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилади. 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Миллий телерадиокомпания, “Uzreport” ахборот агентлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу танлов телевидение, радио, матбуот ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича энг фаол ижодкорларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Унда ўн учта – битта бош миллий мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот таъсис этилган. 

Ушбу ижодий танлов нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2006 йили ўтказилган “Олтин қалам” I Миллий мукофоти учун танловда 136 журналист 1669 ижодий иши билан қатнашган бўлса, 2014 йилда ўтган IХ Миллий мукофот учун танловда 490 нафардан ортиқ ижодкор 7500 га яқин материали билан иштирок этди.

“Олтин қалам” танлови ғолибларини мукофотлаш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилади. Анъанага кўра, БМТ, ЮНЕСКО, ЕХҲТ, Жаҳон банки, “Минтақавий мулоқот” (Словения) каби бир қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ўз мукофотлари билан қатнашади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1