АсосийJamiyat

2015 йилги Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида Президент қарори эълон қилинди

Кеча, 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” қарор қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти хабар беради.

Ушбу миллий байрамнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири, инсоннинг табиат билан ҳамоҳанг бўлиб яшаши, жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, кексаларга эъзоз ва эҳтиром, кичикларга иззат кўрсатиш, одамийлик, яхши қўшничилик, хайр-саховат, бағрикенглик ва бунёдкорлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш борасида Наврўзнинг моҳияти ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини инобатга олиб ҳамда бу қутлуғ айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида ташкилий қўмита таркиби тасдиқланиб, байрамини Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ўтказишга қаратилган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Тадбирлар режасини тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:

  • жойларда бўлиб ўтадиган тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат, анъана ва қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш;
  • мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимиз учун севимли байрамга айланган Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган аҳиллик ва тотувлик, меҳру саховат, ёши улуғ инсонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш;
  • янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларимизда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;
  • Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган байрам дастурларига фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, оилавий ансамбллар, бахши-шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини танлов асосида жалб этиш;
  • байрам дастурларини тайёрлашда фольклор санъатининг энг яхши намуналари, халқ ўйинларига, эл-юртимизнинг дилидан чуқур жой олган тарихий урф-одатларга, гўзал инсоний туйғуларни тараннум этадиган мумтоз куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин бериш.

Шунингдек, Қарорда ўтказиладиган байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан, Тошкент шаҳрида эса республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланиши белгилаб қўйилди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар