Паралимпия. Уч нафар дзюдочимиз дунё рейтингида пешқадам

СПОРТ 26.02.2015, 12:12
Паралимпия. Уч нафар дзюдочимиз дунё рейтингида пешқадам

Мамлакатимиз паралимпиячиларининг халқаро майдонлардаги муваффақиятлари салмоғи йилдан-йилга юксалиб бормоқда. Бугунги кунга келиб мардонавор спортчиларимиз Паралимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган дзюдо, сузиш, енгил атлетика, пауэрлифтинг, ўқ отиш каби қатор турлари бўйича дунё рейтинг жадвалларида юқори ўринларни эгаллаб келишмоқда. Бу ҳақда olamsport.com нашри хабар беради.

Жумладан, мамлакатимиз дзюдо усталари Одилжон Тулендибоев (+100 кг.), Нурбек Бердиёров (-66 кг.), Шерзод Намозов (-60 кг.) Ҳалқаро Паралимпия Қўмитаси (International Paralympic Committee) ҳамда Бутунжаҳон кўзи ожиз спортчилар Ассоциацияси (International Blind Sport Association)ни рейтинг таснифига кўра ўз вазн тоифаларида пешқадамлик қилишмоқда.

Бундан ташқари Феруз Сайидов (-73 кг.), Ширин Шарипов (-100 кг.), Шухрат Бобоев (-90 кг.), Гулрух Рахимова (-70 кг.), Севинч Салаева (-52 кг.) каби дзюдо усталаримиз ҳам дунё рейтинг жадвалида кучли ўнталикдан жой олишган.

Спортчиларимиз рейтинг очколарининг аксарият қисмини 2014 йили АҚШда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати ҳамда Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган Параосиё ўйинларидаги муваффақиятли иштироклари орқали қўлга киритишган.Бундан ташқари дзюдо усталаримиз қатор Гран-При турнири ва нуфузли халқаро турнирларда ҳам кўплаб совринли ўринларга сазовор бўлдилар.

Жорий йилнинг май ойида Сеул шаҳри (Ж.Корея)да Бутунжаҳон кўзи ожизлар ўйинлари ўтказилади ва мазкур мусобақалар Паралимпия ўйинларининг рейтинг очколари ўйналадиган энг йирик беллашувлар ҳисобланади. Бундан ташқари дзюдочиларимиз рейтинг очколари ўйналадиган қатор халқаро турнирларда ҳам иштирок этиб, дунё рейтинг жадвалидаги мавқеиларини янада яхшилаб бориш имкониятига эгалар. 

Маълумот учун, 2012 йили Лондон шаҳри (Б.Британия)да ўтказилган XIV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистондан Шариф Халилов дзюдо кураши бўйича ўтказилган мусобақаларда иштирок этган ва якунда кумуш медаль совриндори бўлган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1