1

Ришод СОБИРОВ: “БАРИБИР ОЛИМПНИ ЗАБТ ЭТАМАН!”

СПОРТ 26.02.2015, 14:31
 Ришод СОБИРОВ:   “БАРИБИР ОЛИМПНИ ЗАБТ ЭТАМАН!”

Мухлисларнинг “Ришод Собиров вазнини ўзгартиргани ростми? Айни вақтда қайси мусобақага тайёргарлик кўряпти экан? Олимпиада ўйинларида бронза медали билан чекланадими?” каби саволлари бизни у била суҳбат қилишга чорлади. Шундай қилиб, бугун икки карра олимпиада ўйинлари бронза медали соҳиби, спортнинг дзюдо тури бўйича Ўзбекистон шарафини ҳалқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилаётган спортчилардан бири Ришод Собиров – таҳририятимиз меҳмони.

— Айни вақтда қандай мусобақага тайёргарлик кўряпсиз?

 — Бугунги кунда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўряпман.

— Рақибингни ер тишлатмоқчи бўлсанг, уни аввал яхшилаб ўрган, дейишади. Айни вақтда олимпиада ўйинларида сизнинг рақибларингиз кимлар бўлиши мумкин? Уларни ўрганяпсизми?
— Мен ҳар бир рақибимни маҳоратини, ожиз томонлари ҳамда устун томонларини ҳисобга олиб қатъий белгиланган режа асосида иш тутишга ҳаракат қиламан. Вазним 60 кг. бўлган вақтда ҳар бир рақибимни ўрганиб чиққан эдим. Бугун 66 кг.даги рақибларимни ўрганиш билан бандман. Энг асосий рақибларим Россия, Корея ва Япония полвонлари.

— Сизни яқиндан билганлар Ришод полвонлар ичида кўнгли бўш, раҳмдиллиги билан ажралиб туради, дейишади.  Бу таърифни қандай изоҳлайсиз?

— Кўнглим бўшлиги балки тўғридир, аммо фақат ўзимга яқин деб билган, мени ардоқлаган ва мен ардоқлайдиган инсонларга нисбатан меҳрибонман, холос. Рақибларимни эса, аяб ўтирмайман (кулади).

— Олот туманидаги кураш мактабида ўқиб юрган Ришод бу кунларга эришаман, деб ўйлаганмиди? 

— Мен ҳеч қачон ҳамма қатори орзу қилмаганман. Орзуйим бошқаларникидан жиддийроқ  бўлган, меҳнатим ҳам шунга яраша бўларди. Ўша вақтларда чемпионлик, айниқса олимпиадада ғолиб бўлиш энг юксак орзум бўлган.

— Сиз учун кураш қондан-қонга ўтадиган ирсиятми ёки машаққатли меҳнат эвазига эришиладиган касб?

— Айтганингиздек, полвонлар икки хил бўлади, биринчиси, аждоди курашчи бўлган полвон, иккинчи тури эса машаққатли ва режим асосида меҳнат қилган полвонлар. Қондан ўтган полвонлар 70 фоиз ҳаракат қилиб, Худо берган иқтидори билан 100 фоиз меҳнат қиладиган спортчини ер тишлатиши мумкин.

— Ўзингиз икки тоифадан қайси биридаман, деб ўйлайсиз?

— Менинг бобом халқ орасида донғи чиққан ва кураги ерга тегмаган Ҳазрат полвон бўлган. Демак, қонимизда полвонлик бор.

— Бир кунда машқларга қанча вақт ажратасиз?

— Ҳар куни эрталаб ва кечқурун икки соатдан машқ бажараман.

— Олимпиада ўйинларида бронза медалдан олтин медалгача қанча ҳаракат қилиш лозим деб ўйлайсиз? 

—Имконият даражасида меҳнат қиляпман, энг муҳими вақтида қилинган самарали ва астойдил меҳнат, режим ва эришган муваффақиятларда тўхтаб қолмаслик. Мен эса доимий ҳаракатдаман.

— Вазнимни ўзгартирганимдан кейин Тошкент гран-при мусабоқаларида илк олтин медални олдим, деган экансиз. Вазнингизни ўзгартиришга нима сабаб бўлди?

— Ўтган йилларда вазним ошиб 70 кг.га етди. Бу вазндан 60 кг.га тушишни ўзи бўлмайди. Бу соғлик учун ҳам зарар бўлиши мумкин. Шу сабабдан энди 66 кг. вазнда мусобақаларда иштирок этаман.

— Шу вақтгача тўплаган медалларингиз вазнингизга тенг бўлиши мумкинми?

— Билмадиму ҳар битта эгаллаган шоҳсупам қўлга киритган медалим вазним билан тенг қийматга эга. Байроғимиз қанчалар баландга юксалса, ғурурим шу қадар баланд кўтарилади.

— Олимпиада ўйинларида икки бор курагингиз ерга тегди. Шунда хаёлингиздан нималар ўтди?

— 2012 йил олтин медални оламан, деб ниҳоятда кўп ҳаракат қилгандим. Бронза медаль олган вақтимда руҳий тушкунликка тушганман. Ўзимни кўниктиришим қийин бўлди. Кейин ҳолда медалсиз қолгандан кўра, бронза олиб келдим-ку, деган умид бор эди, холос.

— Полвонлар оиласига вақт ажрата оладими, оилангиз ҳақида …

— Уйланганман, иккита ўғлим бор. Тўнғич ўғлим  5 ёшда, кичиги олти ойлик. Фарзандлари келажакда яхши ва эл юртга фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишишидан умидвор бўлган ҳар бир ота фарзандлар тарбиясига масъул бўлади.

Қисқача маълумот

  • Ришод Рашидович Собиров 1986 йил, 11сентябрда, Бухоро вилояти, Жондор туманида туғилган.
  • 2007 й. – ҳ.в. Чирчиқ олий танкчилар курсантлар муҳандислик билим юрти капитани.
  • 2008 йил Бухоро давлат университетини тамомлаган. 
  • 2008 йил 12-25 август кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида Олимпиада ўйинларида 3-ўрин
  • 2011 йил 23-27 август кунлари Париж шаҳрида жаҳон чемпионатида 1-ўрин,
  • 2012-йил Лондон шаҳрида ўтказилган 2012 Ёзги Олимпия ўйинларида 3-ўринни эгаллади.
  • 2012-йил “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган

                                                                 Феруз МАМАТОВ суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1