АсосийJinoyat

Вазирлар Маҳкамаси номини сотган сохта бошлиқ қўлга тушди

'Вазирлар Маҳкамаси номини сотган сохта бошлиқ қўлга тушди'ning rasmi

Муқаддам бир неча маротаба судланган, вақтинча ишсиз 52 ёшли андижонлик судланувчи хавфли рецидивист бўла туриб, ўзганинг мулкини осонгина қўлга киритиш пайига тушади...

Мақсадини амалга ошириш учун бир қизга ўзини “Вазирлар Маҳкамаси кадрлар бўлими бошлиғиман”, деб таништиради. “Мижоз”ига Тошкент аграр университети Андижон филиалига ўқишга кириши учун 200 доллар (1.716.900 сўм) ва 400.000 сўм эвазига имтиёзли балл олиб беришини ваъда қилади.

2019 йил 16 июль соат 11:40ларда Тошкентдаги автотураргоҳда қиздан пулларни олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. Жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда охирига етказа олмаган.

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. Судланувчи эски “ҳунари”ни худди ўша “сценарий” асосида давом эттиради. Бу гал бир аёлнинг ўғлини Фарғона Давлат университетининг Иқтисодиёт факультетига ўқишга кириши учун 200 доллар (1.716.900 сўм) эвазига имтиёзли балл олиб беришини ваъда қилади. 16 июль соат 15:30 ларда Қўқон-Тошкент йўналиши бўйича қатнайдиган фуқародан аёл бериб юборган 200 долларни олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

“АСЛИДА ҲЕЧ ҚАЕРДА ИШЛАМАЙМАН”

Судда судланувчи айбига қисман иқрор бўлди...

— 2019 йил июлда одамларни алдаб пул олиш мақсадида, Қўқон шаҳар ҳокимлигига қўнғироқ қилдим. Телефонга жавоб берган масъул ходимга ўзимни Вазирлар Маҳкамаси кадрлар бўлими бошлиғи, деб таништирдим. Ҳокимнинг рақамини олиб, у билан боғландим. Унга ҳам ўзимни юқоридаги каби таништирдим. Суҳбат вақтида тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун номзодлар кераклигини айтдим. У ишлари ва тадбирлари кўплигини айтиб, ёрдамчисининг телефон рақамини берди. Унга ҳам қўнғироқ қилиб, гапларимни  такрорладим ва ўзимнинг телефон рақамимни қолдирдим.

Шундан сўнг менга шахси кейинчалик маълум бўлган бир қиз қўнғироқ қилди. Рақамимни ҳокимликдан беришганини айтди. Қизга ўзимни Вазирлар Маҳкамаси кадрлар бўлими бошлиғи, деб таништирдим. Унинг номзодини тақдирлаш учун беришимни, бунинг учун партияга аъзо бўлиши ва олий маълумотли бўлиши кераклигини айтдим. Қиз ўрта-махсус маълумотли бўлгани учун уни Тошкент аграр университети Андижон филиалига ўқишга кириши учун пул эвазига имтиёзли балл олиб беришни ваъда қилдим. 16 июлда у билан учрашдик. Пулларни олган вақтимда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушландим.

Бундан ташқари, юқорида ҳокимликка қўнғироқ қилганимдан сўнг, менга шахси кейинчалик маълум бўлган аёл қўнғироқ қилди.

— Ўғлимни ўқишга киритиш ниятидаман, — деди.

Унга ҳам ўзимни кимлигимни айтдим. Аёлдан ҳам ўғлини универси- тетга ўқишга кириши ваъдаси билан 200 доллар ундирдим. Қўқон-Тошкент йўналиши бўйича қатнайдиган фуқародан аёл бериб юборган пулни олганимда қўлга тушдим.

Аслида ҳеч қаерда ишламайман ва юқори мансабда ишлайдиган танишларим бўлмаган. Шунчаки алдов усули сифатида фойдаланганман. Пулга муҳтож бўлиб қолганим сабаб, шу ишларга қўл урдим. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман.

Судланувчи айбига қисман иқрор бўлса-да, унинг айби ўз исботини тўлиқ топган.

“СУДЛАНУВЧИГА АХЛОҚ ТУЗАТИШ ИШЛАРИ ЖАЗОСИ ТАЙИНЛАНДИ”

Абдулла АБДУЛХАЕВ, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди судьяси:

— Судланувчи ЖК 25,168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан айбдор деб топилди. ЖКнинг 62-моддасига асосан судланувчининг 2019 йил 17 июлдан 2019 йил 5 ноябрга қадар дастлабки қамоқда сақланган ҳар бир кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб ҳисоблаб, узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг 30 фоизи миқдорини давлат даромадига ундириб қолган ҳолда 1 йилу 6 ой 27 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида:

Ушбу қилмиш тафсилотларидан хулоса шуки, фуқароларнинг ҳуқуқий савод­ хонлигини ошириш борасида тегишли вазирлик, ташкилотлар, ОАВда турли тарғибот­ташвиқот ишлари амалга ошириб келиняпти. Боиси кўпинча бундай кўнгилсиз ҳодисалар жабрдийдалари айнан ҳуқуқий саводхонлиги етарли бўлмаган фуқаролар ҳисобланишади. Аммо ушбу саҳифадаги қилмиш жабр­ дийдалари зиммасида маълум бир вазифа ва масъулият бўлган маҳаллий ҳокимлик вакилларидир. Наҳотки улар ҳамкорлик ёки ҳомийлик мақсади билан, боз устига, Вазирлар Маҳкамаси номидан мурожаат қилаётган шахснинг кимлигига аниқлик киритмасданоқ барча имкониятларга эшик очиб беришса. Афсуски, воқеа тафсилоти бу аччиқ ҳақиқатнинг исботи ва фирибгар тузоғига тушганлар оддий фуқаролар бўлмагани боис, на кулишни, на куйишни бил­ майди одам. Тўғри, жиноят изи фош бўлди ва жазо тайинланди. Аммо сохта фирибгарлар хавфли рецидивист ҳам бўлиши мумкин эди­ку...

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

Бошқа янгиликлар