Сўнгги 3 йилда, қурилиш соҳасининг ўзида рўй берган бахтсиз ҳодисалар оқибатида 119 киши вафот этган, 117 киши жароҳатланган. Бу маълумотлар кеча, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилинди...
Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан ҳам келган вакиллар иштирок этди. Мутаҳассислар қурилиш соҳасидаги бахтсиз ҳодисалар, уларда жабрланганлар ва жароҳатланганларга товон пули тўлаш тартиби қандай бўлиши ҳақида саволларга батафсил жавоб берди.
Нозима Сулаймонова, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат инспектори:
— Ҳар бир ташкилотларимиз, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш қилинган бўлса, (тўловлар) суғурта компаниялари орқали амалга оширилади. Лекин, суғурта қилинмаган бўлса, кўп ҳолатларда қурилиш-пудрат ташкилотлари бу суғуртани амалга оширмаган. Иш берувчи, корхона маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бахтсиз ҳодисани текшириш бўйича комиссия тузилади. 15 кун ичида бахтсиз ҳодиса сабаблари текширилади. Ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳар бир жароҳат олган ёки жабр кўрган оилага комиссия аъзолари ташриф буюриб, қонунчилик бўйича имкониятлари ва ҳуқуқларини тушунтириши шарт. Барча ҳужжатлар расмийлаштирилгач, узоғи билан 1 ой муддатда барча тўловлар амалга оширилиши керак.
Агар, ходим бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган бўлса, бир марталик 6 йиллик ўртача иш ҳақи тўлаб берилиши керак. Қарамоғида фарзандлари бўлса, марҳумнинг ўртача ойлик маоши уларнинг сонига бўлинади ҳамда ҳар бир фарзанди 18 ёшга киргунча тўлаб борилади. Бахтсиз ҳодиса оқибатида жароҳат олган бўлса, бир марталик тўлов бир йиллик ўртача иш ҳақини ташкил этиши даркор. Бундан ташқари, меҳнат қобилиятини тўла тиклагунга қадар, тўловлар фоизларда амалга оширилади. Яъни, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даражаси фоизларда ТМЭК томонидан аниқланади. 30 ёки 40 фоиз бўлса, ўртача маошининг шунча миқдори соғлиғи тиклангунгача ёки умрбод тўлаб борилади.
Ҳар бир жароҳат олган ёки вафот этган ходимлар бевосита назорат олиб борилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ва Пенсия жамғармаси, мабодо корхона тугатилса, тўловлар давлат зиммасига тушади ва молиялаштирилади.
Қурилиш ташкилоти бўладими, бошқа корхона бўладими, агар иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталамаган бўлса, турган гап, бахтсиз ҳодисани яширишга уринади. Минг афсуски, биз бу билан курашмоқдамиз, аммо унинг самараси сал пастроқ. Бунинг учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасини ҳам рақамлаштиришимиз керак ва одамлар бу соҳада қандай ишлар амалга оширилаётганини билиши лозим. Иш берувчиларимизга, аввалбошданоқ, суғурта қилишса, уларга арзонроқ тушишини етказиб беришимиз керак.
Бугунги кунда биз, бахтсиз ҳодса содир бўлгач, унинг оқибати билан курашишни бошлаймиз. Лекин, бизнинг таклифимиз, бутун жаҳонда татбиқ қилинган амалиёт, яъни ҳар бир хавф-хатар, бахтсиз ҳодиса эҳтимолларини баҳолаган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий қилишдир.