1

Ваниҳоят “Аҳмадбой иши”га якун ясалди

ЖАМИЯТ 12.02.2020, 18:15
Ваниҳоят “Аҳмадбой иши”га якун ясалди

Ўзбекистонда энг узоқ давом этган, кўлами кенг бўлган “Аҳмадбой иши”га ниҳоят, нуқта қўйилди, дея ёзди ЎзА.

 Бу ишда нафақат айбдорлар, балки жабрланувчилар, гувоҳларнинг ҳам рўйхати анча узун. Одамларга етказилган зарар миқдори эса барчасидан катта.

“Аҳмадбой иши”нинг “бош қаҳрамони” барчамизга маълум бўлиб улгурган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев.

А.Турсунобоев ва унинг шерикларининг аввалги судида Аҳмадбой “Мен одамларга пул беринг, деб ялинмаганман ва мажбурламаганман, уларнинг ўзлари маблағи, мулкини менга ихтиёрий равишда топширган. Менда айб йўқ”, деб айтган эди.

Бир қарашда шундай. Одамларнинг осон пул топиш, бойиб кетишга бўлган ҳирси Аҳмаджон Турсунбоевни бой қилиб юборди. Бироқ, танганинг бошқа томонида “Бировнинг ҳақи” бор эди. Бу ҳақни унутиш ҳам инсофдан эмас.

Шу нуқтада икки томоннинг ҳирсу ҳаваси тўқнаш келиб, жиноятга йўл очилди.

Эслатиб ўтамиз, “Аҳмадбой иши” бўйича илк суд жараёни 2018 йил февраль ойида бўлиб ўтган. Шундан сўнг яна икки марта – 2019 йил 20 май, 2019 йил 28 октябрда А.Турсунбоев ва унинг шерикларига нисбатан суд ҳукмлари ўқилган.

Иш доираси кенглиги, жабрланувчиларнинг шикоятлари кўплиги сабаб ҳам бу иш бўйича бир неча суд жараёни бўлиб ўтган.Навбатдаги тўртинчи суд 2020 йил 12 февраль куни, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида бўлиб ўтди.

Очиқ суд мажлисига Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг судьяси Хайриддин Шермуҳамедов раислик қилди.

— Суд ҳукмига кўра, А.Турсунбоев Жиноят кодексининг 68-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари билан айбли деб топилди ва унга ушбу модда билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, — деди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов. — Шунингдек, А.Турсунбаевга Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддалари тартибида, тайинланган жазога қисман жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2019 йил 28 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазосини қўшиб, узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 14 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Аҳмаджон Турсунбаевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 6-банди “б” кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилди.

Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Жазони ўташ муддати 2016 йил 16 июндан бошлаб ҳисобланади. А.Турсунбаевга қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди.

Судланувчилар Турсунбоев Аҳмаджан Хамитович, Кучкаров Олмос Исмаилович, Ибрагимов Изатилла Аҳмаджонович, Турсунбаев Муроджон Юлдашевич, Турсунбаев Ойбек Баҳром ўғли, Турдиев Азизжон Иззатиллаевич, Шерназаров Ҳасан Эшмирзаевич, Душанов Шерзод Шукуржон ўғли, Солиев Лазиз Абдуллаевич, Ирматов Шакирбек Салимбекович, Мамутов Энвер Ибрагимович, Тошматов Эргаш Хакимович, Исоқов Ойбек Юсуфбекович, Исламова Наргиза Ахматжоновна, Дадаев Нурутдин Зомонович ва Жўраев Юнусали Мейлиевичдан солидар тартибда жабрланувчиларга етказилган зарарлар ундирилиши белгиланди.

Судда манфаатдор тарафларга, мазкур иш юзасидан келиб чиқадиган ҳар қандай моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласи бўйича фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Шу тариқа “Аҳмадбой иши”га якун ясалди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1