1

“Тошда ҳам юрак бор” Ёхуд Бобур Мирзонинг дастхати туширилган тарихий тош қаерда сақланмоқда

МУТОЛАА 14.02.2020, 11:10
“Тошда ҳам юрак бор” Ёхуд Бобур Мирзонинг дастхати туширилган  тарихий тош қаерда сақланмоқда

Буюк давлат арбоби, шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур тошларда шеърлар битгани ҳақида ўзининг машҳур асари “Бобурнома”да ҳам эслатиб ўтган. У ёзади: “Масчонинг қуйиғи кенти Оббурдандур. Бу Оббурдандин қуйироқ бир чашма тушубтур, бу чашма бошида мазоредур. Ушбу чашмадин юққори Масчо дохилидур. Қуйи Палғарға тааллуқдур. Ушбу чашма бошида, чашма ёқасидағи тошида қазиб, уч байтни сабт эттим:

Шунидам, ки Жамшиди фаррухсиришт,

Ба сарчашмае бар ба санге навишт:

“Бар ин чашма чун мо басе дам заданд,

Бирафтанд, то чашм барҳам заданд.

Гирифтем олам ба мар- дию зўр,

Валекин набурдем бо худ ба гўр”.

Бу сатрлар Шайх Саъдийнинг қаламига мансуб бўлиб, унинг мазмуни қуйидагича: “эшитдимки, қутлуқ табиатли Жамшид бир булоқ бошида тош устига шундай деб ёзган экан: бу булоқ тепасида бизлар сингари кўп кишилар келиб ўтирдилар, кетдилар ва йўқ бўлдилар. Оламни мардлик ва зўрлик билан олдик, лекин ўзимиз билан гўрга элтмадик”, (“Бобурно- ма”, Т:, 1989й, 89-б). Сатрлар охирида у ўзининг имзосини қўйган. “Бобурнома”да муаллиф Мастчоҳ тоғларида тошга қазиб шеър ва бошқа матнларни тушириш одатга айланганлигини ҳам қайд этади.

Айтиш керакки, Бобур Темурийлар салтанатини тиклашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Аммо Самарқанд, Тошкент ва яна бир қанча шаҳарларни катта кучга эга бўлган Шайбонийхон ишғол этгандан сўнг у Ўратепага келади ва бир муддат шу ерда паноҳ топади. Лекин Шайбонийхоннинг Ўратепа то- мон юриш бошлаганини эшитиб, Оббурдон довони орқали Мастчоҳга ўтади. Яъни Бобур мазкур мисраларни ўзининг жудаям қийин аҳволда қолган бўлган пайтларида ёзган.

Тожикистон Фанлар академияси академиги, атоқли муаррих Аҳрор Мухторов “Бобурнома” асаридаги бу қайдларни ўқиганидан кейин 1953 йил худди асарда кўрсатиб ўтилган йўналиш бўйича акаси билан Ўратепадан Овчи қишлоғига келиб, бу ердан иккита отга миниб Оббурдонга йўл олади. Бу ҳақида таниқли олим ўзининг “Санг ҳам диле дорад” (“Тошда ҳам юрак бор”, бу сўз Мирзо Абдулқодир Бедилга тааллуқлидир) китобида “Йўл азоби” сарлавҳаси остида батафсил ҳикоя қилган.

Шу тариқа, олим йўлларда жонбозлик кўрсатиб, тоғлар орасидан ўтиб, Бобур қайд этган Оббурдондаги булоқ бошидан ўша тарихий тошни топади. Бу воқеа бобуршунослик соҳасида катта қадам ҳисобланиб, шов-шувга сабаб бўлди. Ушбу тош 1960 йил Москва давлат университетида, 1985 йил эса Санкт-Петербургдаги Эрмитажда кўргазмага қўйилади. Ҳозирги кунда Бобур Мирзонинг дастхати туширилган ушбу тарихий тош Тожикистон Фанлар академиясининг Тарих, этнография ва археология институтида сақланмоқда.

Академик А. Мухторовнинг тахминига кўра, Бобур Мирзо “Бобурнома”да тошдаги санани кўрсатишда адашган бўлиши мумкин. Зеро, Бобур Самарқандни эгаллаган пайтда у уч маротаба бу музофотларга келгани аниқ. “Бобурнома” бу воқеалардан анча кейинроқ ёзилган. Шу боисдан тошдаги 917 ҳижрий (1511 м.) йили китобда 907 йил, яъни 1501 йил деб кўрсатилган.

А. Мухторов бобуршунослик борасидаги яна бир хизмати у томонидан Бобур Мирзонинг Зарафшон дарёсидаги юқори қисмидаги қоятошларда бошқа бир-нечта ёзувларини ҳам кашф этгани ҳисобланади. Бобур Мирзо форс шеъриятини жуда яхши билганлиги учун ҳам у тошларда форс шоирларининг байтларини сабт (битик) этган. Масалан, А. Мухторовнинг қайд этишича, Бобур Шамтич қишлоғидаги қабристон ҳудудидаги тошда қуйидаги байтни ёзиб қолдирган:

Кофаро, мардумшикоро, як замон оҳистатар,

К-оҳуи бечораро бо тири пайкон кор нест.

(Яъни: эй халққа озор ет- казувчи бедин, бироз шошма, зеро, шўрлик кийикнинг камон ўқи билан нима иши бор?)

Вешаб ва Шамтич қишлоқлари орасидаги йўлида тошда битилган қуйидаги мисраларга эътибор беринг:

Дареғи умр, ки бе рўйи дўстон гузарад,

Хушо даме, ки ба ёрони меҳрубон гузарад.

(Яъни: дўстлар дийдорисиз ўтган умр армон (афсус) дир, Меҳрибон дўстлар билан умргузаронлик қилиш хушдир (хайрлидир).

Бу мисралар Бобур ўша ҳолатларда, яъни ўз ватанини тарк этиб кетаёган асносида нақадар мураккаб, оғир онларни бошидан ўтказаётганини ифода этади.

Шу тариқа, буюк аждодимиз Бобур Мирзонинг тошдаги битиклари унинг ҳаётга, ҳар қандай вазиятга фалсафий, юксак дид билан баҳо бериб, жасурлик ва матонат кўрсатганини исботлаб беради.

Шоқаҳҳор САЛИМОВ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1