1

Депутатлар янги вазирликка вазир номзодини маъқуллади

СИЁСАТ 18.02.2020, 15:28
Депутатлар янги вазирликка вазир номзодини маъқуллади

Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Маҳалла ва оила вазирлигини ташкил этиш таклифи берилган эди. 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида шу масала муҳокама қилинди.

Парламент қуйи палатасида таркиб топган янги амалиётга мувофиқ, депутатлар Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири – Ҳукумат аъзолигига тайинланаётган номзодни кўриб чиқдилар. 

Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига айни пайтда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси лавозимида ишлаб келаётган Раҳмат Маматовнинг номзоди кўрсатилган. 

Муҳокамалар чоғида депутатлар маҳалла институтинининг роли ва аҳамиятини ошириш, аҳолининг чинакам кўмакдошига айлантириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, жамият ва оилада соғлом, барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлаш, тинчлик-тотувлик, осойишталикни таъминлаш борасида катта ишлар қилинаётганига эътибор қаратар экан, бу борада янги вазирлик ва унинг раҳбарияти олдида турган муҳим вазифалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 

Парламент аъзолари маҳалла институтининг ички ишлар органлари ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан узлуксиз, тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби ўта муҳим масалалар юзасидан таклифларини илгари сурдилар.

Шу билан бирга, номзоднинг ҳаракат режаси юзасидан саволлар билан мурожаат қилдилар. 

Ўз навбатида, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига номзоди кўрсатилган Раҳмат Маматов парламент аъзолари саволларига атрофлича жавоб қайтарди ҳамда мазкур лавозимга киришганидан сўнг вазирлик билан парламент ўртасидаги муносабатлар янада фаол ва самарали бўлишини билдирди. 

Савол-жавоб, муҳокамалар якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Раҳмат Маматовни Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига маъқуллаш ҳақидаги қарори қабул қилинди. 

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1