2020 йил 22 февраль куни интернет ижтимоий тармоғининг “Zamon.tv” сайтида берилган Косон туманида ичкилик ичишда гумон қилинган мото ҳайдовчисини ЙПХ ходимлари шахсий машинасида маҳалла ичида қувгани ҳақидаги видеотасвир эфирга берилган эди. ИИВ ушбу лавҳа юзасидан муносабат билдирди.
Мазкур ҳолат ўрганилганда, 2020 йил 13 февраль куни вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 3-ЙПХ отряди командири томонидан тасдиқланган хизмат тақсимотига асосан 3-ЙПХ отряди 2-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспекторлари сафдор Равшанов Жаҳонгир ва сафдор Бобомурод Қодиров жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ҳамда қоидабузар ҳайдовчиларни аниқлаш мақсадида Косон тумани Қуйибоғ маҳалласи ҳудудига хизматга жалб қилинган.
Шу куни соат 18-00 да ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган вақтларида “Урал” русумли давлат рақам белгисиз мотоцикл ҳайдовчиси тарнспорт воситасини нотекис ҳаракатлантириб бошқариб келиб, йўналишидаги автомашиналарнинг эркин ҳаракатига халақит бераётгани учун ЙПХ ходими сафдор Ж.Равшанов томонидан унга тўхташ ишораси берилган. Ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг тўхташ тўғрисидаги ишорасига амал қилмасдан, ҳаракатланиб кетиб қолгани учун ЙПХ инспектори сафдор Ж.Равшанов бошқарувида бўлган “Нексия” русумли 70 W 858 EA давлат рақамли автомашинаси билан “Урал” русумли мотоцикл ҳайдовчисининг ҳаракатини чеклаш мақсадида кузатиб борган.
Мотоцикл ҳайдовчиси Қуйибоқ маҳалласининг ичидан ўтувчи ариқ ёқасида тўхтаб қолган, ЙПХ инспектори сафдор Ж.Равшанов “Урал” русумли мотоцикл ҳайдовчисининг ёнига бориб, ўзини таништириб, мулоқот жараёнида уни Жўраев Мухтор эканлигини билган. Ҳайдовчи билан мулоқот давомида унинг оғиз бўшлиғидан спиртли ичимлик ҳиди анқиб турганлиги сабабли уни Косон туман тиббиёт бирлашмасининг тиббий нарколог шифокор кўригига таклиф қилган.
Нарколог-шифокор 2020 йил 13 февраль кунидаги 121-сонли маълумотномасида “ҳайдовчи Т.Жўраев спиртли ичимлик истеъмол қилиб, мастлик ҳолатида” эканлигини кўрсатган.
Шу вақтда сафдор Ж.Равшанов томонидан “Урал” русумли мотоцикил ҳайдовчиси М.Жўраевни спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумон қилиб, олиб кетаётган вақтида бирон бир фуқаро унга тан жароҳати олганлиги юзасидан мурожаат қилмаганлиги аниқланган. Шунингдек, 2020 йил 13 февраль куни Косон туман ИИБнинг навбатчилик қисмига бирон бир фуқаро томонидан бу ҳақда хабар келиб тушмаган.
Фуқаро Жўраев Мухтор Бафоевич 2020 йил 17 февраль куни яшаш уйида вафот этганлиги ҳолати юзасидан Косон туман прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.