1

РАЪНО ШОДИЕВА: “Санъатимни деб оиламга вақт ажратолмаганман”

ШОУ-БИЗНЕС 17.03.2015, 17:10
РАЪНО ШОДИЕВА: “Санъатимни деб оиламга вақт ажратолмаганман”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиевани саҳнадан ташқарида кузатиш мен учун ҳамиша мароқли бўлган. Унинг одамлар билан самимий муносабатидан ташқари ўта маданиятли экани ҳам кўзга ташланади. Очиғини айтишим керак, шахсан мен бундай санъаткорларни жуда кам учратганман. Бу актрисанинг кўзлари гапиради. Шунинг учун бўлса керак, роллари ҳам ҳаётий, уларда сохталикни сезмаймиз. Унинг кўзларида бахтдан ташқари, тақдирнинг турфа кечмишлари қолдирган излар бор.

— Ўзбек аёли ҳар бир байрамни ўзи учун янгича кашф қилади. Сиз учун 8 март қандай байрам?

— Тўғриси, бу байрамни кутмайман, десам ёлғон бўлади. 8 мартни кутмайдиган, эътиборда бўлишни истамайдиган аёллар, қизлар бўлмаса керак. Аммо байрамнинг қандай ўтиши бизга эмас, кўп жиҳатдан оиладаги эркакларга боғлиқ. Ишонсангиз, ўша куни қўлимни совуқ сувга урмайман, ҳатто чой ҳам қўймайман. Ахир аёлман, йилда бир марта бу ишни эркакларга юклашга ҳаққимиз бор-ку, ахир. Хуллас, анъанага кўра, шу куни турмуш ўртоғим бизни оилавий сайрга олиб чиқади. Кутилмаган совғалар тай­ёрлашга ҳаракат қилади. Совға ўз йўлига, лекин аёл киши учун энг катта совға, бу — эътибор, икки оғиз ширин сўз, унга бир кун бўлса-да, аёллигини ҳис қилиб, ўзини севишга имкон яратиш.

— Раъно Шодиева ўзини бахтли аёллар сафига қўша оладими, деган саволни беришнинг ҳожати йўқ, менимча. Мен бахтли аёлман, дейишга бешта сабаб борми?

— Албатта, бор. (Ўйланиб) Мен учун бахт оиламнинг тинчлиги, фарзандларимнинг саломатлиги, турмуш ўртоғимнинг менга бўлган муҳаббати. Ҳамма аёллар каби эрта тонгдан турмуш ўртоғим, фарзандларимни ишга, ўқишларига жўнатиш, кечки пайт эса ширин овқатлар тайёрлаб кутиб олишнинг ўзи мен учун катта бахт. Мен бахтлиман дейишга сабаблар сони бештага етдими ёки йўқ, бу муҳим эмас. Муҳими, мен ана ўша бахтни тўла-тўкис ҳис қилиб яшаётганимда, ўзимни бахтли аёл, деб билаётганимда. Табиийки, ҳаёт ҳеч қачон бир текис кетмайди. Буни турмуш, деб қўйибди. Унинг ўзига яраша “мушт”лари бор. Ана шу зарбаларга бардош бера олганлар, сабр-бардошини синовдан ўтказиб, Яратганнинг ўзи белгилаган тақдирга шукр айтиб яшаётганлар чинакам БАХТ соҳиблари. Дарвоқе, аёлнинг жамиятда тутган ўрни ҳам сўзсиз оиладаги муҳитга боғлиқ. Баъзида турмуш ўртоғимга “Сизга ҳайкал қўйиш керак”, дейман. Чунки санъаткорнинг турмуш ўртоғи бўлиш, унинг ижодига ижобий нигоҳ билан қараш осон иш эмас.

— Турмуш ўртоғингиз ўта рашкчи, деб эшитганмиз. Шу ростми?

— Ахир қайси эркак рашк қилмайди?! Турмуш ўртоғим ҳам кўча-кўйда, одамлар орасида рашк қилгани билан санъатимга чеклов қўйиб, ижодий жамоамдан, режиссёр, актёрлардан рашк қилмайди. Шукрки, пешанамга санъатни тушунадиган, ҳурмат қиладиган оқкўнгил инсон битилган экан. У киши ёнимда бўлса, ўзимни эркин ҳис қиламан. Мени қўллаб-қувватлаётганидан куч оламан.

— Раъно Шодиева кинода ўзини ўйнаб бўлдими?

— (Ўйланиб) Билмадим, чунки ҳар бир ролимда ўзим­нинг­ ички кечинмаларим, феъл-атворим, тақдиримдаги ўх­шаш­ликлар ётади. Айнан битта ролда ҳаётдаги Раъно акс этган, деёлмайман.

— Сиз суратга тушган фильм­­лар ҳақида гап кетганда кўз ўнгимда мунис, оилапарвар аёл образи гавдаланади. “Осмон яқин” фильмидаги ролингиз эса бошқаларидан буткул фарқ қилади. Мен фильмда Раънони умуман бошқача кашф этгандим. Қаҳрамонингизга хос шаддодлик, чўрткесарлик, бироз сурбетлик Шодиеванинг янги қирраларини намойиш этгандек. Нега бундай ролларингиз кам?

— (Ўйланиб) Фикрингизда жон бор. Аммо бундай эътирозлар фақат менга бўлмаслиги керак, деб ўйлайман. Чунки актрисанинг юзага чиқиши, янги жанрда ўзини кўрсата олиши кўп жиҳатдан режиссёрларга боғлиқ. Агар режиссёр мени умуман бошқа жанрда, янги амплуада кўра олса, ўйлайманки, ўша ролни ўйнаб беришга имкониятим етади. Баъзида фильмларда ёмон қаҳрамонлар ролини беришганда, “Йўқ, Раъно яхшиси сен бу ролни ўйнамай қўя қол, чунки кўзларинг томошабинни алдашга қодир эмас, улар сени қиёфангдаги салбий қаҳрамонни ёмон кўриб қолишлари керак”, деган гапларни айтишган. Лекин мен фақат мухлислар ёки режиссёрларнинг баландпарвоз гап­ларидан ҳаволаниб, ўзимга катта баҳо бермайман. Аксинча, ўз устимда янада кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан.

— “Сукунат” фильмидаги ролингиз ҳаётингиз­га қанчалик яқин?

— Бу фильм­да икки  ҳаёт­ни — ҳам қаҳрамоннинг шахсий ҳаётини, ҳам санъатдаги ҳаётини кўрсатишга ҳаракат қил­ганмиз. Қаҳрамонимнинг санъатдаги ижоди мени ва бошқа ҳамкасбла­рим­ни­ки­га жуда ўх­шаш. Гоҳ тасвирга олиш жараёнлари, гоҳ театр, гоҳ учрашув­лар, дубляж, оила, бола-чақа дегандек... Агар эсласангиз, фильмда шундай саҳна бор: қаҳрамоним кун давомида тасвирга олиш жараёнлари, театр­даги репетиция­да бўлиб уйга қайтади-ю, ўша куни ўғлининг туғилган куни эканини унутган бўлади. Шахсан мен фильм­да роль ўйнаётиб қизимни кўз олдимдан ўтказдим. Ижодий сафарлар, халқаро кинофестиваллар сабаб тўрт йил давомида қизимнинг туғилган кунида қатнаша олмаганман. Тўғри, қўлимда совғалар, халқаро мукофотлар билан қайтардим, лекин ҳеч нарса қизимнинг ўша кундаги қувончини қайтариб бермасди. Бир куни у менга шундай шарт қўйди. “Агар яна бир марта туғилган кунимда ёнимда бўлмасангиз, мен ҳеч қачон бу кунни нишонламайман”, — деди. Албатта, мен санъатнинг ортидан оиламга вақт ажратолмаганман, деб нолимоқчи эмасман. Халққа, одамларга керакли бўлганимизга минг бор шукр. Лекин тўрт йил ичида қизимни қаттиқ ранжитганман.

— Арзийдими?

— (Ўйланиб) Санъатни, ишимни фарзандимдан ортиқ кўрдим, десам виждоним қийналиб, “Мен қандай онаман?” деган саволни беравераман. Эвазига эса юртимга, халқимга, санъатимизга фойдам тегди. Оила ва жамият — булар бир-бирини тўлдириб турадиган тушунчалар. Шунинг учун фарзандларим катта бўлишгач, санъатнинг оғир касб эканини тўғри тушунишяпти.

— Келинг, янги фильмингиз ҳақида гаплашсак. Алишер Узоқов режиссёрлигидаги “Кузда гуллаган дарахт” фильми баҳорнинг энг кутилган фильми бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ўзингизнинг кўнг­лингиз тўлдими?

— Албатта. Биласизми, бошқа фильмларимни четга суриб қўйиш ниятида эмасман-у, лекин айнан шу фильмни жуда узоқ кутдим. Халқ орасида шундай гап юради — кино томошабинни тарбиялаши керак. Томошабин бу фильм­дан қандай хулоса чиқаради, қандай тарбия олади билмадим-у, лекин унда ўзини, ҳаётни, биз яшаб турган жамиятни кўриши аниқ. Унда ҳаётни борича кўрсатишга ҳаракат қилдик. Биринчи нав­батда профессио­нал актёрлар гуруҳи жамлангани, сценарийнинг пухталиги, мавзунинг ҳаётийлиги томошабинларни бефарқ қолдирмаётганидан хурсандман. Очиғи, бу фильм­дан умидим катта.

— Ўзбекистон давлат санъат ва маданият инс­титутининг магистратура босқичида таҳсил оляпсиз. Ҳозирги замонавий актриса учун магистратурада ўқиш шартми? Ҳолбуки, кўп актрисаларимиз ҳаттоки, бакалаврлик дипломини ҳам олишмаган.

— Ўқишни, билим олишни жуда яхши кўраман. Магис­тратурага киришимга қайноғам ва унинг турмуш ўртоғи сабабчи бўлишди. Улар жуда зиёли, ўқимишли инсонлар бўлишгани учун магистратурада ҳам ўқиб олишингиз керак, деб қолишди. Турмуш ўртоғим ҳам шу фикрда эди. Уларнинг далдалари билан Қўғирчоқ теат­ри­ йўналишида ўқишга кирдим. Ўзингизга маълум, имкония­ти чекланган болаларга сабоқ ҳам ­бераман. Шу сабаб қўғирчоқ теат­ри йўналишини танладим. Мақсадим, айнан имконияти чекланган болалар учун қўғирчоқ теат­рининг янги, замонавий услуб­ларидан фойдаланиб, тушунарли, қизиқарли спектакллар намойишини йўлга қўйиш.

— Ижод, оила, иш, ўқиш... Қийналмаяпсизми?

— Мен аёлман, демак, ҳаммасига улгуришим керак. (Кулиб) Болалигимдан вақтимни тўғри тақсимлашга ўрганганман. Уйда учаламиз — талаба ўғлим, қизим ва мен биргалашиб дарс қиламиз. Шукрки, кенжам ҳали боғчага боради. Ҳаммасига улгуришга вақт топаяпман, албатта.

— Менимча, суҳбатни якунласак ҳам бўлади. Уни яхши кайфиятда бошлагандик, ана шундай кайфиятда тугатсак. Байрам яқин, аёлларга тилак­ларингиз...

— Мен дунёнинг жуда кўп­ давлатларида бўлдим. Турли миллат аёллари билан мулоқотда бўлдим, уларнинг турмуш тарзини кузатдим. Лекин уйим-жойим, оилам, болам, дейдиган, сабр-бардоши билан дунёга намуна бўладиган ўзбек аёлларига ўхшашини учратмадим. Тилагим — аввало Ватанимиз тинч бўлсин! Оилаларимиз мустаҳкам бўлиб, ҳаммамиз ҳаётда ўз ўрнимизни топиб яшайлик, фарзандларимизнинг камолини кўрайлик. Байрамингиз муборак бўлсин дугонажонлар, мунис онахонлар!

Қамариддин ШАЙХОВ тайёрлади

Фотомухбир: Бекзод МИРСОДИҚОВ

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1