АсосийJamiyat

САЙЛОВ-2015 “САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА”

18 март куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Президент сайловида фаол иштирок этишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.  Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари А.Шадманов ва А.Пардаев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази директори ўринбосари А.Хўжаев, Тошкент давлат юридик университети доценти О.Турғунов иштирок этдилар.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, бугунги мустақиллик йилларида инсон манфаатларини изчил таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди. Юртимизда умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларга мос бўлган самарали қонунчилик, норматив-ҳуқуқий асос шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси бошчилигида сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни таъминлайдиган мустақил сайлов комиссиялари тизими фаолият юритмоқда. Фуқаролар ва сиёсий партияларнинг сайлов жараёнида фаол ва эркин иштирок этиши учун шароитлар ҳамда сайлов ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун кафолатлар яратилган.

Иштирокчилар қайд этганидек, Конституциямизда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Тадбирда иштирокчилари қайд этганларидек,  Ўзбекистонда бўлажак сайловларга халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда, юксак савияда тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун барча ҳуқуқий шароитлар яратилган.

Учрашувда қатнашган ёшларнинг катта қисмини Президент сайловида биринчи бор иштирок этаётган ёшлар ташкил этди. Улар ўз келажакларини белгилаш йўлидаги танлов зиммасига катта масъулият юклаётгани ич-ичларидан ҳис этиб туришибди.

ОЛДИМИЗДА МАСЪУЛИЯТЛИ ДАМЛАР ТУРИБДИ

Ситора Раҳматуллаева, ЎзДЖТУ талабаси: - Мен 2015 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда илк бор қатнашаман. Бу сайловда  иштирок этиш  катта жавобгарлик ҳиссини уйғотаяпти. Чунки менинг овозим келажагимизни обод ва фаровон бўлишига кичкинигина бўлса-да, аҳамиятли эканини тушунаяпман. Бу мен учун масъулиятли вазифа экани келажакка бўлган ишончимни янада мустаҳкамлайди.

Бугунги тадбирдан эса ўзим учун зарур бўлган кўплаб маълумотларни олдим. Айниқса, юртимизда шаклланган сайлов тизимининг халқаро талаблар даражасида эканини эшитиб, ич-ичимдан ғурур туйдим. Демократик жамият фуқароси эканимдан фахрланаман!

МЕНИНГ ОВОЗИМ ҲАМ АҲАМИЯТГА ЭГА

Абдушукур Убайдуллаев, ЎзДЖТУ талабаси: - Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида биринчи бор иштирок этиб, ўз танловимга мос ва хос бўлган номзод  учун овоз бераман. Номзодлар тўғрисида барча маълумотларга эгаман. Бугун мен берган овоз келгусида қилажак ишларим ва режаларимни амалга оширишда жуда муҳим.

Бугунги Қонунчилик палатаси депутатлари ва ҳуқуқшунослар билан уюштирилган учрашув биз ёшлар учун айни муддао бўлди. Сайлов борасида ўзимни қизиқтирган барча саволларга жавоб олдим.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар