1

Фирибгарлик ва ўғирлик бир мақсадга қаратилган икки жиноят

ЖАМИЯТ 10.03.2020, 17:53
Фирибгарлик ва ўғирлик бир мақсадга қаратилган икки жиноят

Мулк ва мулкка бўлган ҳуқуқни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суднинг асосий вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Шу ўринда, мулк ва мулкка бўлган ҳуқуқни жиноий тажовуздан мухофаза қилишнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, мазкур турдаги қилмишлар учун жавобгарлик белгиланган қонун нормаларини такомиллаштириш, мулкни талон-торож қилиш учун жавобгарлик назарда тутилган миллий қонунларга илғор хорижий давлатлар тажрибаси ва халқаро стандартлар имплементациясини кучайтириш, мазкур турдаги жиноятлар рецидивининг олдини олишнинг профилактик чоралари ва янада самаралироқ механизмини ишлаб чиқиш, бу борадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш йўналиш ва истиқболларини тадқиқ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда...

Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодий негизнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда мулкнинг муҳофазасини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, қатор мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилди, мазкур соҳа анча такомиллаштирилди, ўғрилик, талончилик, босқинчилик, фирибгарликнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш, виктимологик профилактикани яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Олиб борилаётган тарғибот ташвиқот ишлари натижасида бугунги кунда жиноятчилик сезиларли даражада камайган бўлса-да, 2019 йил давомида Мирзо Улуғбек тумани миқиёсида содир этилган жиноятларнинг асосий қисмини фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари ташкил этган.

Статистик маълумотларга қараганда, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш жиноятини содир этиб, судланган шахслар сони 75 тани, Жиноят кодексининг 169-моддаси, ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш жиноятини содир этганлиги учун судланган шахслар сони 90 тани ташкил қилган.

Бу рақамлар энг кўп учраётган жиноят турлари фирибгарлик ва ўғирликни ташкил этаётганлигидан дарак беради. Ҳозирги кунда бозор муносабатлари шароитида мулкка тажовуз жиноятлари ичида фирибгарлик ва ўғирлик жиноятларининг ўсиш тенденцияси кучайиб бормоқда. Хўш, фирибгар ким, у ўзини қандай кўринишларда намоён этади ва ўғирлик жиноятини содир этишга қандай шарт-шароитлар сабаб бўлмоқда?

Биз бир-бирига ишонадиган, суянадиган, кўмак сўраб келганга елка тутадиган халқмиз. Фирибгарлар эса халқимизнинг ана шу ишончларини суистеъмол қилишмоқда. Оқибатда эса фуқаролар бошқалардан фирибгарларни ажратолмай, уларнинг алдовларига учиб қолишмоқда.

Фирибгарлар билиб туриб ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни бошқа бировга тегишли бўлган моддий қимматликларни қўлга киритиш учун тўқиб чиқаришади. Мулкнинг эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириб, янглиштиришга қаратилган ҳаракатлар амалга оширишади. Фирибгар ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончини суистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритади. Бунда мулкдор ўз мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алданиши оқибатида фирибгарга бериб қўяди. Ёки унга ушбу мулкни эгаллашга имконият яратиб беради. Фирибгарликда ишончни суистеъмол қилиш деганда эса, айбдорнинг мулкнинг бошқа эгаси ёки мулкнинг учиничи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бошқа шахслар билан ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозим. Бундай ҳолатга турли хил ҳолатлар, айбдорнинг хизмат мавқейи ёки жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши ҳам мумкин. Фирибгарлик учун жавобгарлик жиноят кодексининг 168-моддасида кўзда тутилган. Бу жиноят содир этилганида жабрланувчининг аризаларига асосан суриштирув бошланиб, дастлабки тергов органлари томонидан жиноят иши қўзғатилишига асос бўлади. Бунда қанча миқдорда молк мулкини қўлга киритиши аҳамият касб этмайди. Чунки барча кўринишларда жавобгарлик белгиланган. Лекин миқдордан келиб чиқиб Жиноят кодексининг 168-моддасига асосан жазо тайинланади. Бу модданинг 1-қисмида миқдор аҳамиятга эга эмас. Қанча бўлишидан қатьий назар жавобгарлик белгиланган. 2-қисмида ўзганинг анча миқдордаги мол-мулкини яъни энг кам иш ҳақиринг 100 бараваридан 300 бараваригача, 3-қисмида эса 300 бараваридан 500 бараваригача, 4-қисмида 500 баравар ва ундан ортиқ миқдорда қўлга киритилиш ҳолларида юзага келиши назарда тутиб ўтилган. Жазо шундан келиб чиқиб тайинланади.

Фирибгарликнинг қурбони бўлиб қолишга авваломбор, ҳуқуққий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги сабаб бўлади. Кейинги пайтларда фарзандларини пора эвазига ўқишга жойлаб қўйишни истаган ота-оналар фирибгарлар домига тушиб қолишмоқда. Бунда ўзаро боғланиб келувчи жиноят содир этилиши кузатилади. Чунки авваломбор, пора беришнинг ўзи жиноят, пора олувчи ва ўртадаги воситачи ҳам жиноят қилаётган шахсга киради. 

Жиноят кодексининг 211-моддасида пора бергани учун жиноий жазо белгиланган. Агар пора берувчи шахс ўзининг қилмишини нотўғрилиги англаб пора берган кунидан 30 кун ичида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига ариза билан мурожаат қилса у жиноий жавобгарликдан озод қилинади. Бироқ амалиётда кузатиш мумкинки, фирибгар шахслар шу ҳолатлардан ҳам уддабуронлик билан чиқиб кетишмоқда. Чунки пора берсаю, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилмасдан орадан 30 кун ўтса пора берувчининг ўзи ҳам жавобгар ҳисобланади. Пора предмети айбдордан ундирилгандан кейин давлат ҳисобига ўтказилади. Тажрибамда ўқишга киролмай, фирибгар билан автобусда танишиб қолиб, унинг гапига учган, ўқишга киритиб қўйиши учун 6 минг АҚШ доллари пора берган йигитнинг ишини кўрганман. Табиийки, йигитнинг ота-онаси қарз-ҳавола қилиб шу пулни уларни ишонтирган энг қизиғи ҳаётда биринчи марта кўриб турган одамга берган. Натижада эса, фирибгардан ундирилган пул давлат ҳисобига ўтказилди. Чунки пора берувчи вақтида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларга мурожаат этмаган. 

Бугунги кунда шунингдек, бошқа давлатларда меҳнат қилиш кўпайган. Бу ҳолатларда ҳам фирибгарларнинг домига тушиб қолиш кузатиляпти. Айниқса, бошқа давлатларга олиб бориб ишлатиш ва меҳнат ҳақини бермасдан алдаб кетиш натижасида, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга жалб этиш жиноятлари юз бермоқда. Бу ҳолатларда ҳам айрим фуқаролар қаерга мурожаат этишни, қай тартибда иш кўришни билишмайди. Агар фуқаролар шундай ҳолатга дуч келган бўлса, ўз худудидаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига яъни ички ишлар бошқармаси ёки прокуротурага бу ҳақда ариза билан мурожаат этилади. Ариза асосида Жиноят кодексининг 135-моддасида кўрсатилган одам савдоси ёки мажбурий меҳнатга жалб этишга оид жинояти учун жиноий иш қўзғатилади. Натижаси бўйича судда иш кўриб чиқилади.

Энди шу ўринда қисқача ўғирлик жиноятини содир этиш сабаблари ва шарт-шароитлари ҳамда ҳуқуқий оқибатларига тўхталиб ўтсак.

Амалдаги Жиноят кодексининг 169-моддаси биринчи қисмида ўғирлик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилганлик учун — энг кам ойлик иш ҳа­қининг эллик бараваригача миқдорда жарима ё уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш назарда тутилган. Ушбу модданинг иккинчи қисмида киссавурлик учун жазолар кўзда тутилган. Хусусан, анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб, ўғирлик жинояти содир этгани учун — энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ё икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шу модданинг 169-моддаси учинчи қисмида эса, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, компьютер тизимига рухсатсиз кириб, кўп миқдорда, нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида ўғирлик жинояти содир этганлик учун беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси мустаҳкамланган.

Миллий қонунчилигимизда бундай қатъий жазо чоралари белгилангани бежиз эмас, албатта. Зеро, ўғирлик жиноятининг оғирлиги, шу билан бирга, судланувчининг жамият учун ижтимоий хавфлилик даражаси алоҳида инобатга олиниши шуни тақозо этади.

Хўш, ўғирлик жиноятларини содир этилишига нима сабаб бўлмоқда? Ўғрилик жиноятининг сабаб ва шарт-шароитлари таҳлил қилинганда, уларнинг содир этилишига қуйидагиларни, яъни фуқаролар учун етарли иш ўринлари мавжуд эмаслиги, ойлик иш ҳақининг етарли даражада эмаслиги, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти даражасининг пастлиги, айниқса ёшларда енгил йўллар билан пул топиш истагининг юқорилиги, алкоголизм ва бошқа салбий иллатларнинг тарқалганлиги, мулкнинг қаровсиз қолдирилиши, оилада, маҳаллада ўзаро таъсир кўрсатишнинг етарли эмаслиги сабаб бўлаётганлигини кузатиш мумкин.

Жиноятлар таҳлили яна шуни кўрсатадики, ўғирлик жиноятлари асосан муқаддам судланиб, ўзига тегилши хулосалар чиқармаган шахслар томонидан, бир гуруҳ бўлиб олдиндан тил бириктириб, уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб, такроран содир этилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, фирибгарлик натижасида ҳам, ўғирлик туфайли ҳам у ёки бу шахс, фуқаро жабр кўради. Қонун ҳимоячиларининг саъй-ҳаракатлари билангина ўша шахсларнинг бузилган ҳуқуқи тикланади. Сизу биз янада ҳушёр ва огоҳ бўлсак, бундай манфур қилмишларнинг пайи қирқилади. Энг муҳими, бировнинг ҳақи ҳеч қачон бошқа бировга буюрмаслигини унутмаслик керак.

Фаррух ТУРАХОДЖАЕВ, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1