Бугун, 8 июль куни эрталаб Россиянинг бир нечта ҳудудларида мустақил журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва маданий ташкилотлар вакиллари уйида тинтувлар ўтказилди. Тахминларга кўра, бу ҳаракатлар “давлатга хиёнат” моддасига оид жиноят иши доирасида амалга оширилган.
Ишончли манбаларга кўра, Иркутскда “Сибир қийноқларсиз” жамғармаси раҳбари Святослав Хроменковнинг уйи тинтув қилинди. У ИРК-6 колониясида қийноққа солинган маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган эди. Тинтув чоғида барча техника, ҳужжатлар ва телефонлар олиб қўйилди. Хроменковнинг айтишича, ҳозир уни адвокат билан кўришишга қўймаяпти. Рафиқаси бу ҳолатни “қўрқитиш акти” деб баҳолаган. Айни пайтда адвокат уни қаерда эканини аниқлай олмаяпти.
Ёшкар-Олада ҳам ҳуқуқ ҳимоячилари – Ирина Протасова ва Олга Василева уйида ва офисида тинтувлар бўлиб ўтди. Уларнинг телефонлари ва техникалари мусодара қилинди. Протасовани эса тергов қўмитасига олиб кетишган.
Журналистлар ҳам четда қолмади. Сиёсий маҳбуслар устидан суд ишларини ёритган ва SOTAvision билан ҳамкорлик қилган журналист Екатерина Ткачёва уйида ҳам тинтув бўлиб, у Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ)га сўроқ учун олиб кетилди.
Бундан ташқари, мамлакатнинг “Револт-маркази” номли маданий маконда ҳам ФСБ ходимлари тинтув ўтказди. Бу марказ 2019 йилдан бери кўргазма ва маърузалар ўтказиб келаётган эди. Унинг ходимлари уйида ҳам тинтувлар бўлди.
Расмийлар бу ҳодисаларнинг ўзаро боғлиқлиги бор-йўқлигини ҳозирча изоҳламади. Аммо кузатувчиларнинг фикрича, бу босимлар мустақил овозларни ўчиришга қаратилган навбатдаги уриниш бўлиши мумкин.