Ҳаёт аслида катта бир саҳна. Унинг бағрида ҳар биримизнинг ўз “образимиз” бор. Қарангки, умримиз давомида томошабинлар – ёнимиздагилар бизни хатти-ҳаракатларимиз асосида “яхши одам”, “феъли чатоқ”, “бағрикенг инсон”, “одамгарчилиги йўқ” деган турфа хил эътирофу – эътирозлар билан сийлаб бораркан... Бир қарашда бу сўзларнинг бугунги қаҳрамонимизга ҳеч қандай дахли йўқдек... Ахир биз Ғани Аъзамовнинг саҳна ва экрандаги образлари орқали кўпроқ танимиз, биламиз, деган фикрлар ҳам бўлиши табиий. Мен эса сўзни саҳнадан эмас ҳаётдан бошлагим келди...
Фарзандлари санъат йўлини танлашмади
Ғани Аъзамов ҳақида маълумот излаб интернет саҳифаларини титкиладим. У ҳақида жуда кўп илиқ фикрларни учратдим. Яхши актёр, буюк истеъдод эгаси, ўзбек санъатининг отаси, бундан ташқари “Маҳаллада кўп одамларга ёрдами теккан”... Одамлар касбидан обрў-эътибор, яхши феълидан эса ҳурмат ва яхши ном орттиради деган ҳикмат шу ерда яна бир карра ўз исботини топгандек...
Актёрлик бу инсоннинг қисматига айланиши эҳтимол ўзининг хаёлига ҳам келмагандир. Бироқ ҳар доим Ғани Аъзамов саҳнага чексиз эҳтиром билан муносабатда бўлган. Бу инсонни билган, таниган ёки эшитганлар фақат ва фақат яхшилик билан тилга олишади. Аслида инсонийликнинг чин саодати ҳам шу бўлса керак.
Ғани Аъзамов 1909 йилнинг 7 январида Тошкентда туғилган. 1930 йила Ҳамза ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга келган. 1961 йилда унга Ўзбекистон халк артисти унвони берилган. Актёр 60 йиллик ижодий фаолияти мобайнида устозлардан ўрганиш, муттасил ўз устида тинмай ишлаш ва ижодий изланиш натижасида юздан ортиқ мукаммал образлар яратиб, томошабинларнинг меҳрига сазовор бўлган. Ғани Аъзамовнинг икки ўғил, икки қизи бор. Фарзандлари Раъно, Сўнмас, Феруз ҳамда Дурдона Аъзамовалар ҳозир нафақада. 10 дан зиёд неваралари, 40 дан ортик эвара – чеваралари бор. Энг қизиғи буюк актёрнинг фарзандлари ҳам , невара – эваралари ҳам санъат йўлини танламаган.
“Олтин девор” театр санъатининг олтини
Уйғун ва Иззат Султоннинг «Алишер Навоий» драмасидаги Мунажжим, Туйғуннинг «Чин муҳаббат»идаги Арслоншер, Рамз Бобожоннинг «Тоға-жиян»ларидаги Соқи сумбат, Абдулла Қаҳҳорнинг «Сўнгги нусхалар»идаги Юсуф, Гоголнинг «Ревизор»идаги Бобчинский, Вильям Шекспирнинг «Вероналик икки йигит»идаги Лаунс каби образлар актёрнинг “маҳорат мактаби” сифатида алоҳида эътироф этилади. “Олтин девор” спектакли эса чин маънода ўзбек театр санъатининг дурдоналаридан бири бўлиб қолди.
Аввал трамвай ҳайдовчиси кейин буюк актёр
Ғани Аъзамов 1935 йилдан бошлаб кинода ҳам суратга тушади. Актёр «Ўзбекфильм» киностудиясида дунёга келган қатор кинофильмларда эсда қоларли образлар яратди.
«Бой ила хизматчидаги Домла имом, «Қутлуғ қон»даги Куёв, «Абу Али ибн Сино»даги Кутубхоначи, «Мафтунингман»даги Сартарош, «Икки дил достони»даги Қорашоҳ, «Тошкент - нон шаҳрида»ги Оқсоқол, «Қари устанинг васияти»даги Юсуф, «Сенга шаҳримни туҳфа этаман»даги Дорбоз, «Суюнчи»даги Холмат каби қатор кинокахрамонлар томошабинларнинг ёдида олган. Буюк санъаткор ижросидаги хар бир образ ўзининг тўлақонлилиги ва ёрқинлиги билан кино санъатининг олтин хазинасидан муносиб жой олган. Актёр «Наштар» ҳажвий киножурнали ташкил этилгандан сўнг, узоқ йиллар давомида Хўжа Насриддин образини ижро этди.
Энг қизиғи, Ғани Аъзамов актёр бўлишидан олдин трамвай ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. У санъатга дахлдор ҳеч қанадай билим юртида ўқимаган. Дастлаб оммавий саҳналарда кичик ролларни ижро этиб санъатнинг сирларини ўрганган. Фурсат ўтиб Ғани Аъзамов актёр сифатида ўзини намоён этадиган юзлаб ролларнинг муаллифига айланди.
35 йил маҳалла раиси
Феруз Аъзамов, ўғли:
— Отам жуда бағрикенг, ҳаддан зиёд меҳрибон инсон эди. Улар бизни ҳеч қачон қаттиқ уришганини эслай олмайман. Биргина қарашлари билан хатоларимизни тўғирлашга ўрганган эдик. Оилада отамдан бўлак санъаткор йўқ. Биз уларнинг изидан борамиз деганимизда, отам “Агар ҳақиқатдан ҳам истеъдодинг бўлса, марҳамат, агар шунчаки ҳавас, шон-шуҳрат учун бу йулни танламокчи бўлсанг адашасан”, деганлари ёдимда. Эсимда маҳаллага 60-йилларда кўчиб келганмиз. У пайтлар энди-энди янги ҳовлилар қурилаётган эди.
Отам 35 йил мобайнида маҳалла раиси бўлиб ишлади. Фаолияти давомида маҳаллага газ, электр токи, сув қувурларини олиб келди... У пайтлар бу ишларни бажариш анча мураккаб эди. Ҳеч бир оиланинг ҳол- аҳволидан бехабар қолмас эди. Ўйлаб қарасам, болаларимиз - неваралари ортидан биздан кўра кўпрок юрган, қайгурган ҳам отам экан...
Жуда оилапарвар, боласевар эди. Бу гапларни у киши отам бўлгани учун эмас ростдан хам шундай инсон булгани учун айтаяпман. Мен ҳамиша санъатда уларни Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Шукур Бурхонов каби буюк санъаткорлар қаторида кўраман. Оилавий спектакл томошаларига борганимда отамни умуман бошқа бир руҳиятда кўрардим, уйда, маҳаллада эса яна бир бошқа қиёфада... Лекин юрак битта эди. Ҳамиша ёниб турарди...
“Олтин девор” минг марта саҳналаштирилган
Эркин Комилов, Ўзбекистон халқ артисти:
— Ғани Аъзамов оддий актёр эмас. Бу инсон буюк санъаткорлар каторида алоҳида эъзозга эга. “Олтин девор” спектаклини бирга минг марта ўйнаш бахтига муяссар бўлганман. Ёнма-ён ишлаганлар, суҳбатида булганлар бу одамнинг санъатга ўзгача меҳри билан чексиз ҳурматини яхши билади. Минг марта ижро этилган Мўмин образида бир марта ёлғон сезмаганмиз. Ғани аканинг саҳнада нафақат ўз образини балки ёнидаги қаҳрамонларни қам назорат қилиш қобилияти бор эди. Одамохун, яхшиликни яхши кўрадиган инсонлар дунёни асрайди. Ғани ака шундайлар тоифасидан эди. Бу одам нафақат санъатга балки яшайдиган маҳалласи, ватанига сидқидилдан хизмат қилган. Унинг маҳалласи томонга ўтсангиз Ғани Аъамовнинг нафасини сезасиз, у ерда яшайдиганлар бу одамни аввало бағрикенг одам, эътиборли маҳалла раиси, жонкуяр елкадош деб хотирлайди...
“Аввал хислатлар, кейин камчиликлар...”
Ботир Мухаммаджонов, актёр:
— Ғани ака ёшларни яхши кўрарди. Уларни қўллаб-қувватлар, камчиликларни омма олдида эмас ўзига қаттиқ тегмайдиган қилиб тушунтирарди. Биз ҳамиша улар билан ишлашни орзу қилардик. Саҳнада тўғридан-тўғри томошабинга сездирмай, партнёрга халакит бермасдан образни йўналтирарди. Яна бир жиҳати: бировнинг камчилигини айтишдан олдин унинг яхши хислатларини санаб ўтар эди... Ғани ака 92 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Лекин вафотидан икки-уч ҳафта олдин ҳам саҳнада эди... Бундай табаррук устозларнинг қолдирган ижод йўли бизлар учун ҳамиша мактаб. Ўзбек театрининг бугунги мавқеи, актёрлик мактабининг ўзига хос жиҳатларини шаклланишида Ғани Аъзамов каби фидоий устозларнинг меҳнати ҳамиша қадрли!
“Бир актёр шаклланиши учун салкам 40 йил керак”
Тоҳир Саидов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
— Биз устоз билан ижодий сафарларга кўп чиқардик ва бундан фахрланардик. Турғун Хонтўраев билан Ғани аканинг ёши ўртасида адашмасам 10 ёшча эди... Биз ёшлар бу икки устозимиз билан кўп ҳазил қилардик. Сафарларда Тургун акага ҳам, Ғани акага хам бир хил совға беришарди. Чопонлар, пичок, дўппи ва шунга ўхшаш эсдалик совғалари. Биз Ғани акага “иккиси ҳам бир хил экану, лекин Турғун аканинг совғасини материали сизникидан пича қимматрок шекилли”, десак дарҳол ҳазиллашиб совғаларни алмаштириб олардилар. Шунда Турғун ака “бунисини ҳам олинг”, дея хафа бўларди. Баъзида “Аввал Ғани кийиб, кўриб олсин, колганини мен оларман“, деб жавоб берарди. Бир куни театрда Абдураим Абдуваҳобовни кичик хатоси учун ишдан бўшатиш учун мажлис қилинди. Ғани ака дастлаб гап нимадалигини билмай қовушмай ўтирди, мажлис охирида бўлаётган гап-сўзларнинг моҳиятини тушуниб қолган. Шунда “ҳамма Абдурайимни айблайди, иш бор жойда хато бўлади. Ҳозир шу йигитга қарши гапираётганларнинг ўзи иш жараёнида бенуқсонми? Битта актёр туғилиши, шаклланиши учун қирқ йил керак”, деб ҳамманинг хатоларини бирма-бир санаб берган. Дангал, жонкуяр ва меҳрибон инсон эди. Охиратлари обод бўлсин!
Хулоса ўрнида
Яшаш учун берилган имконият фурсатлар билан эмас балки қилинган эзгу ишлар билан ўлчаниши бор гап. Лекин бу фикр эски бўлса-да сийқаси чиқмаган, ҳар бир инсон ўз ҳаётида уни янгилаши, жило бериши мумкин. Фақат... ўтаётган вақтни илғаш ва унга тўғри муносабатда бўлишга улгуриш керак... Гарчи ҳозир орамизда бўлмаса-да, Ғани Аъзамовнинг ҳаётида, ундаги лаҳзаларда яхшилик ёниб турганини ҳис этиш қийин эмас...
Севдо Ниёзова тайёрлади





