Қорақалпоғистон Республикаси Балиқчилик хўжаликлари ассоциациясидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда 70 дан кўп ишбилармонлик субъектлари аҳолини арзон балиқ ва балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш, соҳани ривожлантириш, йўқ бўлиб кетган балиқ турларини қайта тиклаш ишлари билан шуғулланишмоқда. Бу ҳақда telegraf.uz нашри хабар бермоқда.
“Нукус балиқ” МЧЖ шаклидаги Қорақалпоғистон-Россия қўшма корхонаси 2007 йилдан буён фаолият олиб бормоқда. Кегайли туманидаги “Дауит кўл” ҳудудидан балиқ овланиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилмоқда. Корхона балиқчилари томонидан 2014 йилда 69 тонна балиқ овланиб, жами 470 млн. 658 минг сўмлик даромад олинди.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш бўйича давлат қўмитаси қошидаги “Табиатни муҳофаза қилиш” жамғармасининг 124 млн. сўмлик гранти ҳисобига балиқ личинкаларини ўстириш йўлга қўйилди. Россиядан иккита инкубация цехи олиб келиниб, балиқчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига шартнома асосида личинкалар етказиб берилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 10 миллион дона личинка чиқарилиб, 32400 дона чавақ сотилди.
Сув тақчиллигини ҳисобга олинган ҳолда ёпиқ ҳовузларда балиқ урчитиш йўлга қўйиш режалаштирилган.
Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш ва сертификациялаш, бутун дунё бўйлаб қабул қилинган, сифат бошқаришнинг замонавий тизимини жорий этиб, ISO 9001 халқаро стандартга мувофиқлик сертификатларига эга бўлди.
Қўшма корхона маҳсулотлар асосан Германия, Хитой мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
06.04.2015 15:26