Тошкентда 6 апрель куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. МСК матбуот хизмати маълумотлари асосида kun.uz нашрининг хабар беришича, унда 29 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайлови натижалари кўриб чиқилган.
МСК округ сайлов комиссияларидан келган баённомаларга асосан 29 март куни бўлиб ўтган сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 798 минг 52 нафардан 18 миллион 942 минг 349 нафар сайловчи овоз беришда иштирок этганини аниқлади. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 91,08 фоизини ташкил этади.
Сайлов натижалари кўрсатганидек, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 17 миллион 122 минг 597 нафари ёки 90,39 фоизи ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзод Ислом Каримовни ёқлаб овоз берди. “Миллий тикланиш” ДПдан кўрсатилган номзод Акмал Саидовга – 582 минг 688 нафар сайловчи ёки 3,08 фоизи, ЎзХДПдан кўрсатилган номзод Ҳотамжон Кетмоновга 552 минг 309 нафар сайловчи ёки 2,92 фоизи, “Адолат” СДПдан кўрсатилган номзод Наримон Умаровга 389 минг 24 нафар сайловчи ёки 2,05 фоизи овоз берди.
Ўзбекистон Конституциясининг 90, 117-моддаларига, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 14, 35, 36-моддаларига, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 5, 9-моддаларига мувофиқ МСК Ислом Каримовни Ўзбекистон Президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Президенти МСК томонидан сайлов натижалари расмий тарзда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан 2 ой ичида Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришади.
Айни вақтда, амалдаги Ўзбекистон Президенти ўз ваколатларини янги сайланган Ўзбекистон Президенти лавозимга киришгунга қадар бажаради.





