Самарқанд - Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири. Бу шаҳар асрлар давомида инсоният учун номаълум бўлиб келган сирли ва афсонавий жойларга бойдир. Киев ғори (шахтаси) ҳам ана шундай кўпчиликка номаълум жойлардан биридир. Ушбу ғор Самарқанд вилоятининг Ургут туманида, Камангарон қишлоғи яқинида, Кирктау массивида (Зарафшон тизмаси) жойлашган. Бу ҳақда "Ўзбектуризм" сайтида мақола эълон қилинди.

Ғор 1972 йилда А. Б. Климчук раҳбарлигидаги Киев спелеотуризм секцияси ва спелеологик тадқиқотлар лабораторияси спелеологлари томонидан кашф қилинган. Жой номи ҳам шу сабаб Киев ғори ёки КиЛСИ деб номланади.

1973 йилда 520 м чуқурликни забт этишга эришилди, 1975 йилда - 700 м, 1976 йилда эса -1030 м ва 1080 м. Топографик суратга олиш ишлари Киев ва Қрим спелеологлари томонидан амалга оширилган. 1977 йилда В.В. Илюхин бошчилигида Бутуниттифоқ спелеологик экспедицияси гидроневилир ёрдамида шахтани қайта топографик суратга олиб, унинг чуқурлиги 990 м эканлигини аниқлади. Ғорнинг ичи 20-95 м чуқурликдаги қатор вертикал шахталардан ва узунлиги 30-50 м бўлган қоясимон галереялардан иборат. У ердаги ҳаво ҳарорати +4-5° С даражада.

Киев ғорининг деворларда 100 м чуқурлик жойидан бошлаб сув оқими бошланади ва у чуқурлиги 1,7 м гача бўлган оқар кўллар тизимини ҳосил қилади. Сув ҳарорати +3° C атрофида.
Ғор чуқурлиги деярли 10 метрлик кўл билан тугайди. Акваланг ёрдамида сувга чуқурроқ шўнғишга уринишлар муваффақиятсиз якунланган, чунки тор тешиклардан чуқурроқ ўтишнинг имкони бўлмаган.
