Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасида “Давлат ёнғин назоратининг энг яхши инспектори” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда kun.uz нашри “Халқ сўзи” газетаси маълумотлари асосида хабар бермоқда.
Белгиланган шартларга кўра, иштирокчилар Миробод туманидаги “Pallada Invеstment” шўъба корхонасида ўқув ёнғин-техник текширувини ўтказиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида асосли тавсиялар бериш ва тегишли ҳужжатлар тузиш борасида ўзаро баҳс олиб борди. Шунингдек, уларнинг касбий билимлари тест синовлари бўйича баҳоланди. Танлов қатнашчилари тақдим қилган ишлар ҳам ўрганиб чиқилди. Якунда Сирдарё вилояти Ховос тумани ИИБ ЁХБ инспектори, сержант Нурали Алиев биринчи ўринни қўлга киритди. Кейинги ўринлар эса Юнусобод тумани ИИБ ЁХБ катта инспектори, сержант Дилшод Умаров, Ғиждувон тумани ИИБ ЁХБ катта инспектори, сержант Илҳомжон Нўъмонов ҳамда Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ИИБ ЁХБ инспектори, сержант Фазлиддин Аҳмедовга насиб этди.





