Ўзбекистон ҳукумати Ўзбекистон Республикаси ягона авиация қидирув-қутқарув хизмати тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси ягона авиация қидирув-қутқарув хизмати (ЯАҚҚХ) ҳалокатга учраётган ёки учраган ҳаво кемаларини қидириш ва қутқариш ишлари билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг вазифалари бўйича фавқулодда вазият юзага келганида қутқарув ишларини амалга ошириш учун мўлжалланган. Бу ҳақда telegraf.uz нашри хабар беради.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида учраётган ёки учраган ҳаво кемаларидаги йўловчилар ва экипажларни қидириш ва қутқариш учун қидирув-қутқарув кучлари ва авиация қисмлари воситалари, ЯАҚҚХ таркибига кирувчи бўлинмалар, вазирликлар, идоралар ва авиакомпанияларнинг сутка давомидаги навбатчилиги ташкил этилади.
ЯАҚҚХ таркибига Мудофаа вазирлиги, Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат инспекцияси, «Ўзбекистон хаво йўллари» МАК, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги, жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари ва аэропортларнинг маъмуриятлари киради.