Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПФ-5706-сон Фармонига асосан, Ёнғин хавфсизлиги институти Ички ишлар вазирлиги тасарруфидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилди, мазкур Фармон асосида эса Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ташкил этилди. Шу билан бирга ҳозирги кунда Республикамизда фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилган.
Барчамизга маълумки, тилсиз ёвдан эҳтиёткорлик билан фойдаланилмаса, оқибатида кўнгилсизликлар, баъзан фалокатлар, кўплаб моддий йўқотишлар келиб чиқиши мумкин.
Республикамизнинг ҳар бир фуқароси жамоат ва давлат мулкини кўз қорачиғидай сақлаши ва асраб-авайлаши, уни бойитиши ҳақида қайғуриши лозимдир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, профилактик тадбирлар орқали кенг тушунчалар бериб бориш, содда қилиб тайёрланган ёнғин хавфсизлиги қоидалари мужассамлашган турли тарғибот материалларини ёш болаларга мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб ўргатиб бориш самарали тарғиботлардан ҳисобланади. Шу билан бирга катталарнинг бепарволиги сабаб, минг афсуски, ёш болаларни уйда қаровсиз қолдириш натижасида, ўйинқароқлик билан гугурт ўйнаб, ёнғин келиб чиқишига сабаб бўладиган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Статистика маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, инсонларнинг, айниқса ёш болаларнинг ёнғинларда ҳалок бўлиш ҳодисалари йилнинг куз-қиш фаслларига тўғри келади. Бундай ҳодисалар катталарнинг айби билан ҳамда болаларнинг олов билан ўйнашлари оқибатида содир бўлади. Айрим ҳолатларда уйда ёлғиз қолдириб кетилган ёш болалар катталарга тақлид қилиб гугурт ёқишади, кўринарли жойда қолдирилган электр дазмоллари ва электр плиталарини ёқишади. Бу эса болаларнинг ҳатто ҳалок бўлишларига ва бошқа оғир оқибатларга олиб келади. Кўпчилик ҳолатларда аксарият ҳалок бўлган болаларнинг ёшлари 4-8 ёшни ташкил этади.
Бутун дунё статистика маркази ("CTIF")нинг маълумотига кўра жаҳонда соатига ўртача 1000 та, бир дақиқада эса 17 та ёнғин содир бўлади. Ёнғинлар оқибатида бир соатда ўртача 10 нафар, ҳар 100 та ёнғинда 1 нафар инсон ҳалок бўлиши ҳолати кузатилмоқда.
Айрим фуқароларнинг бепарволиги натижасида ва уйда ёлғиз қолган ёш болаларнинг ўйинқароқлиги сабабли ёнғинлар содир бўлмоқда. Жумладан, қуйида ёнғинлар келиб чиқиши мумкин бўладиган ҳолатларни келтириб ўтиш жоиздир.
1. Ўйинларга иштиёқли бола ўйинчоқни микротўлқинли печга қўйиши мумкин. Уни ёқса, микротўлқинли печ дарҳол ёнади.
2. Ошхонада ёлғиз қолган бола газ плитани ёқиши мумкин.
3. Болалар таътил вақтида уйда ёлғиз қолдирилиши натижасида гугурт ўйнаши мумкин.
4. Болалар симлар билан ўйнашни яхши кўрадилар. Агарда бола очиқ турган симни тортиб олса, тармоқдаги кучланиш орқали қисқа туташув вужудга келиб, фавқулодда ҳолатлар содир бўлишига олиб келади.
Шу ўринда савол туғилади, болалар оловнинг дастлабки белгиларига қандай муносабатда бўлишади? Олов даҳшатли! Бола ўрнида нима қилардингиз? Ҳа, улар ҳеч ким топа олмайдиган танҳо жойда яширинишади. Бола хавф ҳақида хабар бермоқчи бўлиб, қичқириши мумкин, аммо бундай ҳолларда овоз одатда чиқмай қолиш мумкин. Шунинг учун ҳам айтишимиз мумкинки, ёш болалар 3-6 ёшда маълумотни яхшироқ қабул қиладилар. Бу ёшда сиз болангизга хавфсизлик қоидаларини ўргатишингиз ва ёнғин қандай хавфли бўлиши кераклигини тушунтиришингиз лозим.
Вақт келади ва бола оловга алоҳида қизиқишни бошлайди. Масалан, бола билан ёнаётган шамга боринг, бола иссиқлик оловдан келиб чиқишини тушунади, бу жуда иссиқ бўлиши мумкин деб ўйлайди. Ёрқин олов бола учун жуда қизиқ мавзу бўлиб, шунга ўхшаш ҳолатлар болаларнинг хотирасида сақланиб қолади ва ўсиб улғайган сари бола унинг қанчалик хавфли эканлигини билиб боради.
Эсингизда бўлсин: тақиқлар қизиқувчанликни қўзғатади, мустақиллик истагини кучайтиради ва қайтарилмас оқибатларга олиб келади. Сиз эса ёнғин содир бўладиган ҳолатларда, унга қандай муносабатда бўлишни тушунтиришингиз муҳим аҳамиятга эга.
1. Бола ўз манзилини, фамилиясини, исмини ва телефон рақамини билиши керак! У билан ушбу маълумотларни билиб олинг.
2. Ёнувчан қурилмаларни болалар қўли етмайдиган жойда сақланг.
3. Аввало ўзингиз намуна бўлган ҳолда, электр жиҳозларини, айниқса кичик жиҳозлар (дазмол, фен, қаҳва қайнатгич, электр чойнак ва бошқалар)ни қандай ўчириб қўйишни кўрсатинг.
4. “Гугурт болалар учун ўйинчоқ” эмаслигини эслатишни унутманг.
Мухтасар қилиб айтганда, ёнғин назорат қилиб бўлмайдиган ёниш жараёни бўлиб, агар ҳар биримиз белгиланган тартиб қоидаларга қатъий амал қилиб, эҳтиёт чораларини кўрадиган бўлсак, ёш болаларни қаровсиз қолдирмасдан, уларга ёшлигидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларини уқтириб борсак, жойларда юз бериши мумкин бўлган ёнғинларни олдини олиб, нафақат фарзандларимизни балки ўз ҳаётимизни сақлаб қолган бўламиз.
Фарҳоджон Хожаев,
ФВВ Академияси
ўқитувчиси, капитан.
Сардор Қурбанбаев,
5-босқич курсанти.