Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ушбу дарсларни юқори савияда ташкил этиш учун тегишли режа ишлаб чиқилди, деб хабар беради uz24.uz нашри ЎзА маълумотлари асосида.
Шакллантирилган ишчи гуруҳи томонидан “Жасорат, бурч, матонат” номли услубий тавсия ҳамда Тинчлик дарси ишланмаси, машғулот учун махсус ўқув режа ва тавсиялар яратилмоқда. Дарслар Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа қатор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилади. Уларга уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, элда обрў топган, катта ҳаёт тажрибасига эга табаррук отахон ва онахонлар, олимлар, адабиёт, маънавият, санъат, таълим фидойилари жалб этилади.
Дарс жараёнида бу йилги байрамнинг фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллигига ҳамоҳанг нишонланаётгани, Ўзбекистоннинг ғалабага қўшган ҳиссаси, юртимиздан фронтга жўнаб кетган ўғлонларнинг жасорати, юртдошларимизнинг фронт ортидаги матонатли ва фидокорона меҳнати, диёримизга эвакуация қилинган гўдаклар, оналар, қариялар, беморларга кўрсатилган меҳр-мурувват, саховат, бағрикенглик ҳақида сўзлаб берилади.
Президентимизнинг “Тарихий хотирасиз – келажак йўқ”, «Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” каби асарларида мамлакатимизда, бутун минтақада тинчликни асрашга доир долзарб фикрлар Тинчлик дарси давомида ўқувчиларга ҳаётий мисоллар билан тушунтирилади.
Ўқув даргоҳларида уруш ва меҳнат фронти фахрийлари билан давра суҳбатлари, мулоқотлар ташкил этилади. Қуролли Кучлар давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси музейи, жойлардаги музейларга экскурсиялар уюштирилиб, уларда ўқувчилар учун очиқ дарслар ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, бу йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида нишонланади.





