Олий суд телеграм каналида жиноятчилик оқибатида қисматига қора битилган қиз ҳақидаги мақола эълон қилинибди. Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Шерзод МАМИРОВ ва журналист Маруса ҲОСИЛОВА ҳаммуаллифлигида тайёрланган ушбу суд очеркини тўлалигича эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Дунё яралгандан буён қиз фарзанд нафақат оила ор-номуси, ғурури, балки бутун бир миллатнинг, элнинг, юртнинг ори-ғурури саналган. Тўғри, қиз боланинг тарбияси алоҳида меҳнат ва машаққатни талаб этади. Бугун фарзанд тарбияси, айниқса, қизлар тарбияси жуда мураккаб ва оғир вазиятларга рўбарў келаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Замоннинг шиддат билан ўзгариши, интернет тўлқинлари, Ғарб “сабоқ”лари ёшларни ақл–заковатга суяниб эмас, балки ҳиссиётларга, ҳою ҳавасларга берилиб “иш” тутишига сабаб бўлаяпти. Фарзандлар, айниқса, қизлар тарбиясига ҳаёт-мамот масаласини кўндаланг қўйиб эътибор бериш лозимлигини, ор ва номус чорраҳасида туриб уларга кўз-қулоқ бўлишимиз зарурлигини унутмаслигимиз керак!
Ор ва ғурур чорраҳасида…
Бир донишманддан “Ўлимдан ҳам оғир нима бор?” дея сўрашганда, у “қиз бола келтирган иснод” деб жавоб берган экан. Ўйланиб қоласан киши, иснод йиллар давомида ювилмайдиган, авлодлардан авлодларга ўтиб, доғ бўлиб қоладиган лаънатдир. Исноднинг катта-кичиги бўлмайди. Иснод миқдор билан ўлчанмайди. Унинг шаклу шамойили ҳам бир хил эмас. Иснод – ор-номус деган муқаддас тушунчани ёдга солади. Иснод – бир гуноҳ сабабли қизи бор оналарнинг бир кечада оқарган сочлари, оталарнинг қадди бир кунда букилгани, синглиси бор акаларнинг ориятдан қизарган юзлари- иснод… Ҳали она сути оғзидан кетмаган ёшларнинг кўча-куйда, жамоат жойларида ўхшамас, беҳаё қилиқлари исноддир, баъзи эркатой қизларнинг тунги барларда, чилимхоналарда тонггача маст-аласт, сархуш бўлиб юриши иснод эмасми? Ёшликнинг тор йўлида адашиб, ўз ҳаётини, келажагини барбод қилган юзи қаро қизларнинг қилмишларидир иснод! Жиноят кўчасига кириб, суднинг қора курсисига неча марталаб ўтиришдан уялмайдиган вояга етмаган қизнинг кечирилмас қилмишлари эмасми иснод?
Ёмон бошланиш – хунук оқибат
Мафтуна Собирова 2001 йилда Кармана туманида туғилган. Наманган шаҳридаги умумтаълим мактабида ўқийди. У биринчи марта жиноят содир этганида ўн етти ёшда эди.
Ўн етти ёш… Таърифу таҳсинларга сиғмайдиган шундай гўзал ёшликни увол қилган, ўн саккиз минг оламга доғ туширган бу қизнинг йўлларида нур йўқ, яхшиликдан садо йўқ. 2018 йилда жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши Жиноят кодексининг 661 моддаси тартибида томонларнинг ярашганлик муносабати билан тугатилган.
Аммо бебош қизга бу марҳамат бор-йўғи уч-тўрт ой таъсир кўрсатди холос. Ўрганган одат… яна ўртанди… Иккинчи бор қилган жинояти учун 2019 йилда жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судида Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан Жиноят кодексига кўра бир йил озодликдан чеклаш, Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида 10 ой 29 кун озодликдан чеклаш жазосига тортилди.
Халқимизда “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади” деган мақол бор. Афсуски, бу мақол ҳам бу қиз учун беҳуда кетди. Агар ушбу мақол қизга таъсир қилганида эди, у орадан бор-йўғи уч ой ўтиб, яна янги жиноят содир этмаган, суднинг қора курсисига яна ўтирмаган, ҳассасини қайта-қайта йўқотмаган бўларди. Қилмишларининг оқибатини ўйлаб кўришни хоҳламаётган бу қизча учинчи бор ўтган йилнинг май ойида жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан Жиноят кодексига кўра 1 йил 6 ой озодликдан чеклаш, Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида 1 йил 2 ой, 12 кун озодликдан чеклаш жазосига ҳукм этилган, жазо ўталмаган. Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбланган ва 2019 йилнинг 13 июнидан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Кишан бўлган тилла занжирлар
Жазони ижро этиш муассасасидан озод этилиб, Наманган шаҳрига уйига кетган қиз 26 май куни отаси Икром Собиров, акаси Акбар билан Навоий шаҳрига турмушга чиққан опасиникига меҳмонга келади. Эртаси куни опаси Насиба билан бирга Мафтуна Навоий шаҳар Буюм бозорида “Адҳам голд” хусусий корхонасига қарашли савдо дўконига харидор сифатида кириб, опаси тилла зирак харид қилиш мақсадида тақинчоқларни кўздан кечираётганлигидан фойдаланиб, дўкон растаси устида турган, сотувчи ва опасининг эътиборсизлигидан фойдаланиб, ичида умумий қиймати 164.700 000 сўмлик тилла тақинчоқлари бўлган қутини ўғирлаб, воқеа жойидан чиқиб кетади.
Тилла дўкондан катта миқдордаги тиллаларни ўғирлаб чиққач, уни бозордан сал нарироқда йўл ёқасидаги ўтлар орасига яшириб, яна қайтиб дўконга опасининг ёнига келганлиги ва ундан қаерга кетиб қолдинг, деб сўрашганда, долларни сўмга алмаштириб келганлигини айтгани, сотувчи билан опаси ундан бирор нарса олмадингми, деган сўзига йўқ деб жавоб бериб, опаси Насиба билан дўкондан чиққандан сўнг ҳеч нарса кўрмагандек, опасининг уйига бориб, кейин тезда изига қайтиб тиллаларни яширган жойига келади ва у ердан тақинчоқларни олиб, Карманадаги автошоҳбекатдан Тошкент шаҳрига кетиб қолган ўғри қиз Наманган шаҳрига бориб, нотаниш тилла сотувчига ўғирланган молларининг бир қисмини сотиб, ўзига спорт кийимлари ва “Айфон” телефон аппарати сотиб олади. Қолган пулларни бошқа мақсадлари учун ишлатади. Тилла тақинчоқларнинг қолган қисмини амакисининг уйидаги гултувакнинг ичига яшириб қўяди. Аммо Мафтуна чучварани хом санаган эди, унинг бу “пишиқ”лиги узоққа бормайди. 2019 йилнинг 2 июнида амакисининг уйида отаси Икром Собиров, акаси Акбар ва қариндошлари Анварлар билан ўтирган вақтида ички ишлар бўлими ходимлари келиб, уни Наманган ички ишлар идорасига, кейинчалик эса уни Навоий шаҳрига олиб кетишади. Устасифаранг қизнинг ўз айбини тан олишдан бошқа чораси қолмайди. У ички ишлар ходимларига бўлган воқеани айтиб, айбига иқрор бўлади ва опасига қўнғироқ қилиб, отаси ва акаси тилла буюмларни олиб келиб беришини сўрайди-ю, аммо… хаёлидаги янги “режа”сини амалга ошириш учун Наманган шаҳрига борса тилла тақинчоқларни ўзи олиб беришини айтиб, Наманганга борганларида эса ички ишлар идораси ходимларини алдаб, қочиб кетади. У бу қилмиши учун ҳам қонун олдида жавоб бериши аниқ. Вояга етмаган қизнинг эгри йўлда юришдан, озодликдек буюк неъматдан айрилишдан, гулдек умрини хазон, келажагини барбод қилишдан, ота-онасига иснод келтиришдан қўрқмаслиги кишини ҳушёр торттиради, аниқроғи, қўрқитади.
Сабабсиз оқибат йўқ…
Бу жиноятнинг илдизи қаерда деган ҳақли савол туғилиши табиий. Одатда ўзбекчиликда отаси бор қизлар, акаси бор сингиллар уларнинг қаттиққўллиги боис тўғри йўлдан адашмайдилар, остона ҳатлаб ёмон кўчаларга чиқмайдилар. Аммо Мафтуна нега отаси ва акаси бўла туриб, жиноятнинг кўчасига бир неча бор кириб чиқди? Уни нега бу боши берк кўчалардан, бу хатарли йўллардан қайтаришмади? Нега бу қора қилмишлардан ҳеч ким хулоса чиқармади? Ёки уларнинг ўзлари ҳам бу “савдолар”га шерикми, деган яна бир савол туғилади.
Суд материалларида оила бошлиғи Мафтунанинг отаси И. Собиров Зангиотадаги жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган турмуш ўртоғини кўриш учун борганлиги ҳақидаги фикрларни ўқиб, калаванинг учини топгандек бўлади киши. Халқимизнинг “Қуш уясида кўрганини қилади” ёки “Онасини кўриб, қизини ол” деган мақоллари айнан шу оила аъзоларига айтилгандек.
Аммо уни бу йўллардан қайтаришга масъул одамларнинг ўзи тарбияга муҳтож экан, масъул идоралар-чи? Улар нега бу иш билан шуғулланмади? Бу қиз бир эмас, бир неча бор билиб туриб жиноят қилсаю, унга панжа орасидан қарашда давом этсак… Сабабсиз оқибат йўқлигини унутиб қўйсак, эртага қандай ишлаймиз, қандай яшаймиз? Келажак ҳақидаги эртакларимизга кимни ишонтирмоқчи бўлаяпмиз?..
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан жиноятга яраша жазо тайинланди. Унга инсонпарварликлар кўрсатиш беҳудалигини, тўртинчи бор жиноят содир этганлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганлигини назарда тутиб, Мафтуна Собированинг ўтган галги ўталмай қолган жазосини қўшган ҳолда 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси тарбия колонияларда ўталиши белгилаб қўйилди. Боласининг қилмиши учун отаси ҳам товон тўлайдиган бўлди. Ҳукмда И.Собировдан тилла тақинчоқлар дўкони эгасига 88 миллион 800 минг сўм ундирилиши ҳам қайд этилган. Бу бепарволик барча кулфатларнинг сабаби ҳисобланишини исботлаб турган оддий ҳақиқат. Отанинг бепарволиги қизининг эгри йўллардан жар ёқасига келиб қолишига сабаб бўлди. Қўлларига кишан бўлган тилла занжирлар ўн саккиз ёшли қизга сабоқ бўлдимикан? У энг гуллаган ёшлик чоғида тўрт марта жиноят содир этганидан пушаймон ва афсус чекармикан?