1

Ярим асрнинг энг совуқ баҳори ҳосилга зиён етказдими?

ЖАМИЯТ 27.04.2015, 11:36
Ярим асрнинг энг совуқ баҳори ҳосилга зиён етказдими?

“Баҳорда ёққан қор сабаб ҳосилни совуқ урдими?”, “Бемаврид ёққан қор мевали дарахтларга зиён етказдими?”... Жорий йил баҳорида республикамизда ёққан қор аҳолини айни шу саволлар билан хавотирга солиб қўйди. Лекин бу хавотир асослими? Юртимизда баҳор мавсумида табиатнинг бу даражада кескин ўзгариши аввал ҳам кузатилганми? Қуйидаги саҳифамизда ана шу саволларга мутахассислар билан биргаликда жавоб топамиз.

ФЕВРАЛНИНГ ИЛИҚЛИГИ НООДАТИЙ ЭМАС, АММО МАРТДАГИ ҚОР...

Ирина Зайцева, Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати Маркази Бош синоптиги:

  • Бу йил февраль ойи жуда илиқ келди, февралдаги ўртача ҳаво ҳарорати шу ой учун бўлган ўртача ҳароратдан 2-5о илиқ бўлди (Тошкентда 4.3о), энг иссиқ даврларида эса иссиқ ҳаво 10-12о даражагача кўтарилди. 15 йилдан бери февраль ойидаги илиқлик тез-тез такрорланадиган бўлди — Тошкентда қарийб ҳар учтадан иккита февралда ўртача ҳарорат меъёрдан 3-4о ошиб кетди, 2006 ва 2004 йилларда бу меъёр 5о ошди. Шу сабабли бу йил ҳам февралнинг илиқ ва қорсиз келгани ноодатий ҳолат эмас.

Мартнинг асосий қисми, одатдагидек илиқ ва салқин ҳаво билан кечди.  Ойнинг охирида эса Урал ҳудудидан республикамизга  кескин совуқ ҳаво оқими  кириб келди. 29-31 март кунлари мамлакатимиз ҳудудида қор ёғиб ўтди. Ҳарорат кечаси 2-7о совуқ бўлди, жойларда эса ҳарорат 8-10о тушиб кетди, кундузлари эса 0о совуқ кузатилди.

Бу сўнгги 50 йил ичидаги энг совуқ ой бўлди. 30-31 март куни республикамизнинг асосий қисмида ҳарорат бу давр учун аввалги йилларнинг барча минимумларини ортда қолдирди.

ТАБИАТНИНГ “ЎЙИНИ” ХАВФ ТУҒДИРИШИ МУМКИНМИ?

Табиатнинг бундай “ўйини” гуллаган дарахтларга қандай таъсир қилганлигини билиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига мурожаат қилдик.

Вазирлик матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, кескин об-ҳаво ҳосилдорликка таъсир қилиши ҳақидаги тарқалган миш-мишларни мутлақо асоссиз, деб айтиш мумкин. Эҳтимол, март ойида келган кескин совуқ ҳаво  баъзи ерларда қаровсиз гуллаган дарахтларнинг музлашига сабаб бўлгандир. Бироқ халқимиз дастурхонига мевалар етиштириб берадиган деҳқон ва фермер хўжаликларимиз ҳар қандай об-ҳаво шароитига “чап” бера олишади. Бунинг учун Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг расмий сайтида ташкил этилган Интерактив хизматлар саҳифасида фермерлар учун фойдали тавсиялар бўлими мавжуд. Унда доимий равишда боғбон ва фермерларимизга ҳосилни ҳар қандай шароитда сақлаб қолиш борасида фойдали тавсиялар бериб борилади. Юртимиздаги фермерлар ана шу тавсиялардан фойдаланиб боришади. Шу сабабли улар ҳар қандай об-ҳавога доим тайёр эканликларини ва об-ҳаво ҳосилдорлигимизга таъсир қилмаслигини ишонч билан айтишимиз мумкин.

Лайло РУСТАМОВА ёзиб олди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1