15 майдан эътиборан Тошкент шаҳрида иссиқ ва совуқ сув, шунингдек марказий иситиш тизими учун янги тарифлар кучга киради. Бу ҳақда e-kommunal.uz сайти хабар беради.
Пойтахтда марказий иситиш тизими учун бир ойлик тариф нархи турар жойнинг бир квадрат метри учун 11,4 фоизга ошиб, 941,14 сўмни ташкил қилади. Шунингдек, корхона ва ташкилотлар учун ҳам иссиқлик энергиясининг улгуржи тарифи ошади.
Иссиқ сув учун янги тариф ҳисоблагич бўлмаган тақдирда киши бошига 11777,69 сўмни, ҳисоблагич билан эса бир кубометр учун 3015,87 сўмни ташкил этади.
Совуқ сув учун янги нархлар яқин кунларда маълум бўлади.
Коммунал хизматлар учун тарифлар сўнгги марта ўтган йилнинг октябрь ойида оширилган эди.