Аввал хабар берганимиздек, 25 дан 26 апрелга ўтар кечаси Тошкент шаҳар, Яшнабод тумани, Фарғона йўли, 51-уй манзили бўйича жойлашган “Жўрабек” масжиди ёнидан ўтган электр сими устига кучли бўрон вақтида дарахт шохларининг синиб, масжид биносининг томига қулаши оқибатида қисқа туташув юзага келган ҳамда масжиднинг асосий биносининг том қисмида ёнғин бошланган.
Тезкор етиб келган ёнғин ўчириш гуруҳлари, шунингдек, масжид ходимлари ва маҳалла фуқаролари биргаликда ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилганлар. Бироқ, кучли шамол ёнғинни ҳажмини кенгайтириб юборган. Оқибатда масжиднинг асосий қисми жойлашган бино ёниб кетган. Ёнғиндан маъмурий хоналар жойлашган кичик бино ва таҳоратхонани сақлаб қолишга эришилган.
Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизматидан берилган хабарга кўра, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Тошкент шаҳри вакиллиги ҳамкорликда масжид ҳудудида ёнғин оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бормоқдалар. Яқин кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошчилигида ва ҳомийларни жалб этган ҳолда масжидни қайта тиклаш чоралари кўрилади.





