Ўзбекистонда сил билан касалланиш икки баробарга камайди

ЖАМИЯТ 05.05.2015, 15:00
Ўзбекистонда сил билан касалланиш икки баробарга камайди

Пойтахтимизда Ўзбекистон фтизиатрлари ва пульмонологларининг VIII съезди бўлиб ўтмоқда.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази, Ўзбекистон фтизиатрлари ва пульмонологлари илмий-тиббиёт жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Германия, Дания, Италия, Нидерландия, Франция, Чехия каби йигирмага яқин мамлакатдан беш юздан зиёд олим, шифокор ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этмоқда, дея хабар беради ЎзА.

Тадбирда таъкидланишича, бугунги кунда юртимизда ушбу соҳадаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Жаҳон тиббиётининг илғор усуллари ва воситаларидан самарали фойдаланилмоқда. Натижада мамлакатимизда силни даволаш самарадорлиги 87 фоизга етган. Жаҳон миқёсида ушбу кўрсаткич 85 фоизни ташкил этади.

Сил касаллиги ижтимоий хавфи юқори хасталиклар тоифасига киради. Бу дардга чалинганлар узоқ муддатли тиббий-ижтимоий кўмакка эҳтиёж сезади. Мамлакатимизда бундай беморлар давлат муҳофазасига олинган. Уларга барча тиббий хизматлар бепул кўрсатилади, дори-дармонлар бепул берилади. Бундай чора-тадбирлар самарасида мамлакатимизда сил бўйича эпидемиологик вазият яхши сақланмоқда.

Тадбирда таъкидланишича, кейинги ўн йилда бу борада ўлим кўрсаткичи уч марта, касалланиш деярли икки баробарга камайди. Беморларни соғломлаштириш муддати 8-10 ойдан икки ойгача қисқарди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1