Бугунги кунда республикамиз бўйича салкам 14 млн дона пластик карточка муомалага чиқарилди, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси Марказий банки матбуот хизмати.
Электрон ҳамёндан тўловларни узлуксиз қабул қилиш учун тижорат банклари томонидан 163 мингдан ошиқ чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари тўлов терминаллари билан таъминланди. Тўлов терминалларини чекка ҳудудлардаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига ҳам ўрнатиш, эскиларини янгиси билан алмаштириш чоралари кўриб борилмоқда. Аҳоли гавжум жойларда 2 мингга яқин кўпфункцияли инфокиоск ва банкоматлар ўрнатилди.
Пластик карточка эгалари ундан универсал тўлов воситаси сифатида фойдаланиб, кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган озиқ-овқат ва маиший маҳсулотлар, пуллик, шунингдек, коммунал хизматлар учун тўловларни ҳар қандай масофадан туриб, исталган вақда амалга оширишлар мумкин. Бундай қулайлик савдо ва сервис соҳаларидан тушумлардаги улушни 50 фоизга етказиш, охирги беш йил мобайнида эса бутун тўловлар ҳажмини 3 марта ошишига шароит яратди. Таъкидлаш ўринлики, ҳозирги пайтда ҳар ойда ўртача 1,8 трлн сўмдан ортиқ товарлар ва хизматлар, шунингдек, 187 млрд сўм миқдоридаги коммунал тўловлар электрон тизимлар орқали амалга оширилмоқда.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда иш ҳақи ва ижтимоий тўловларнинг бир ойда ўртача 50 фоиздан ортиғи пластикларга тушириб берилмоқда ва зарур ҳолларда, мижозларнинг талабига кўра, банк кассаларидан нақд пулда бериб борилмоқда.





