«Дарахтларда шамол узоқ осиёлик ёш шаҳидга мотам тутган каби ҳазин ингради...»

МУТОЛАА 17.04.2020, 06:29
«Дарахтларда шамол узоқ осиёлик ёш шаҳидга мотам тутган каби ҳазин ингради...»

 Бу адибни халқимиз жуда севади, ардоқлайди. Агар шундай бўлмаганида орамизда Ойбек исмли инсонлар бу қадар кўп учрамасди. «Наъматак» шеъри ёдингиздами: «Юксакда шамолнинг беланчагида, Нафис чайқалади бир тўп наъматак...» Шамолнинг беланчаги... ўхшатишнинг бетакрорлигини қаранг-а. Узр, мавзудан чекиниб кетай дебман. Бунга, албатта, ўша беқиёс «Наъматак» «айбдор»!

  Мен оддий бир ўқувчиман. Улкан адиб ижодини таҳлил қилиш менга йўл бўлсин. Шунчаки ёдингизга солгим келди. Иккинчи жаҳон урушининг тамом бўлганига ҳам 75 йил тўляпти. Бу ғалабага ўзбек халқи ҳам бемисл ҳисса қўшгани тарихий манбалардан маълум. 

  Ўзбек халқининг жасорати, фидокорлиги уруш даври матбуотида, адабиётида ҳам кенг ёритилган. Буларнинг катта қисми фронтнинг олдинги линияларида, шиддатли жангларни ўз кўзлари билан кўрган, юракдан кечирган адиблар қаламига мансуб. Адиб Ойбек ҳам уларнинг биридир.

Ойбек 1942 йил декабридан 1943 йилнинг март ойига қадар Ғарбий фронтда, Москва, Воронеж, Курск, Белгород учун бўлган жанг­ларда ўзбек жангчилари орасида бўлиб, уларнинг жасорати, қаҳрамонликлари ҳақида бой материал тўплади. Бу материаллар кейинчалик унинг бир туркум шеърларига, «Фронт бўйлаб» йўл хотиралари, киносценарий, «Қуёш қораймас» романларига асос бўлди.

Адибнинг ўзи бу ҳақда шундай ёзган эди: «Оғир уруш йилларида мен «Қуёш қораймас» деган янги роман устида иш бошладим. Улуғ Ватан уруши фронтларидаги ўзбек жангчиларини кўрсатишга ҳаракат қилдим. Мен артистлар бригадаси билан фронтга борган бўлсам ҳам, у ерда бригададан ажралиб қолдим. Чунки фақат шароитни, кишиларни чуқур ўрганибгина жангчи ва командирларнинг қаҳрамонлиги ҳақида асар ёзиш мумкинлигини англадим ва фронтда уч ой қолиб кетдим».

 Ҳа, бугун «Қуёш қораймас» ҳақида сизга бирмунча маълумот бермоқчимиз. Адиб фронтдан қайт­ган заҳоти бу роман устида иш бошлаб юборди. Романнинг дастлабки вариантидан парчалар «Қизил Ўзбекистон» газетасида, «Армуғон», «Зафар» деб номланган альманахларда, «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилиб борилган.

 Роман устида ишлаш материаллар етарли бўлмагани учун тўхтатилади. Орадан анчагина фурсат ўтиб, пухта тайёргарликдан кейингина адиб ўз асарини қайта ёзишга киришди. Ва 1957 йил декабрида романни ёзиб тамомлади.

 Мазкур асарнинг қиммати шундаки, роман уруш ҳақида ёзилган ғоят ўзбекона асардир. Унда ўзбек жангчиларининг фашизмга қарши мардона курашлари акс этган. Уруш фақат мардликдан иборат эмас. Қил устида турган ҳаёт дегани уруш, ўлим билан ҳар лаҳза юзма-юз турмак дегани... Даҳшатли жанглардан сўнг олисда қолган оиласи, болаларини ўйлаб, тунда йиғлаган жангчини маломат қила оласизми?!

  Романнинг ўзбеконалигини нимада кўрганимни биласизми? Оға-инилик, жигарчилик муносабатларида, ҳалок бўлган жангчини «Йигитнинг суягини ҳам олтиндай азиз билишимиз керак», деган тушунчалар билан уни муносиб тарзда тупроққа қўйишга интилиш, уруш кетаётган бир паллада, ғамга елкадошлик, дуо-ю фотиҳани «кеча ва бугун ҳалок бўлган барча ўзбекларга» бағишлаш, болажонлик... буларни яна узоқ давом эттириш мумкин.

  Келинг, роман бош қаҳрамони Бектемирнинг ўйлари ҳақида ўқиймиз: «Бектемир йўл четидаги дарахтнинг йўғон танасига орқасини суяб чўққайди... Қандайдир узуқ-юлуқ фикрлар, кўнглини ғаш қиладиган сезгилар уни чулғаб олди. Улар беш оғайни эди. Катта акаси Тоҳир... иккинчи акаси Қодир, укаси Камол... Камол кейинги хатларининг бирида Латвияда турганини билдирган эди. Бектемир шу тобда кучли соғинч туйди. Ўзи билан бўйи тенг, бирга юмалаб-сумалаб ўсган Камолнинг болаликдаги ўйинлари, қилиқлари унинг кўз олдидан жонли, ёрқин ўтди. «Нима бўлди экан, укам боёқиш? Балки у ҳам шу ерга яқин жойда, Москва ёнида жанг қилаётгандир, балки... эҳтимол, ўлгандир...» деб ўйлади, ранг-қути оқариб.

Унинг қалбида соғинч ва турли хотиралар тўлиб-тошарди. У ўзида яқинларини кўрмоққа, сўзлашмоққа аллақандай ички эҳтиёж сезар, сўзлашиб, негадир қониқмаганини ҳис этар эди. ...онасини чуқур миннатдорлик ва ўғиллик севгиси билан узоқ эслади. «Қайтиб кўраманми, йўқми?» деган фикр бошидан ўтди-да, аллақандай мубҳам ва оғритувчи сезгининг турткиси билан оғир хўрсиниб қўйди».

 Қанчалар табиий, қадрдон туйғулар... 

  Уруш ҳақидаги асарларни қайғу асарлари, деган бўлар эдим. Нега десангиз, урушда ғолиблар бўлмайди. Узоқ йиллар ғолиб совет халқи, дея таъкидлаб келдик. У ғолибмиди?! Миллионлаб фуқаролари ҳалок бўлган халқ ғолиб бўладими?! Ҳамма нарсани фронтга бериб, гўдаклар, қари-қартангни оч қолдириб, муқаррар ўлим домига ташланса-ю, ғолиблик татийдими?!

  «Қуёш қораймас» романини мутолаа қила бошласангиз, уни улкан шоир ёзганини ҳис қиласиз.

 Ўқиймиз: «Қоронғи тушди. Жаҳаннамга айланган жанг тингандан сўнг тилка-пора бўлган ер ҳам, дуд босган осмон ҳам гўё ҳорғин, маъюс нафас оларди».

Бу шоирнинг тасвири. Ёки чимкентлик Қулуметнинг гапларига эътибор беринг-а:

«– Қайтиш қийин. Бу ерда ўлимнинг ўроғи камалакдай катта... Лекин ботирдан ўлим ҳам қочади».

 Қани эди, шундай бўлса. Ёт тупроқларда не-не азамат, баҳодирлари қолди, ўзбекнинг.

  Яна ўқиймиз: «Кўкда икки юлдуз чақнади – исмсиз, мажҳул аскар мозорининг шамлари! Дарахтларда шамол узоқ осиёлик ёш шаҳидга мотам тутган каби ҳазин ингради».

 «Чекиниш йўли оғир ва беҳад изтиробли бўлди...»

  Энди бу суҳбатга эътибор ­беринг: 

« – Хат-пат олдингизми уйдан? – сўради Бектемир.

 – Йўқ, – жавоб берди Ҳошимжон. – Бўронга йўлиқиб ҳалок бўлган қушлардай, хатлар ҳам бу оташ бўронида куйиб кул бўлди шекилли...»

Ҳа, бу шоирнинг қалами... Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг қалами.

 Ўқиймиз: «Узоқда тутунланган ўрмонлар орқасидан самолётлар пайдо бўлди. Улар кўп эди. Улар сичқонга югурган мушукдай, ўзларининг даф этилмас кучларини намойиш қилган каби, ишонч билан келарди... Бектемир ғайри шуурий равишда окопнинг деворига ёпишмоққа тиришди. Шу ондан бошлаб у кузатишдан, ўйлашдан, тушунишдан ожиз қолди – юракни узиб оладигандек машъум «ув...» билан бомбалар учди. Ер зилзиладай титради. Ҳавони туташ, қандайдир ваҳший, даҳшатли гулдурама қоплади. Гўё аллақандай сирли куч, тоғларни бир-бирига уриб ағдаргандай... Ер уюми фиғон билан чирпираб, гирдоб каби кўкка кўтарилди. Бектемирнинг гўё нафаси ўчган, юракнинг болғадай кўкракда урганини ҳам сезмайди. Чақчайган кўзлари олдида ёлғиз тутун, тупроқ, ўлим, ҳаммани комига тортмоқчи бўлиб қутурган, увиллаган бир бўрон гирдобини кўрди».

Бу урушнинг қиёфаси, бир лаҳзаси холос. Адиб уруш кузини, қаҳратонини ҳам маҳорат билан чизган, тасвирлаган. Буни фақат ўқиш керак.

 Азиз ўқувчи, Москва остоналаридаги қонли, қақшатқич жангларда ўзбек жангчиларининг иштироки сизга қизиқ бўлса, музаффар жангчи оталаримиз, боболаримизга эҳтиромингиз учун ҳам бу романни ўқинг. Асар севимли адибимизнинг ўз кўзлари билан кўрган, гувоҳи бўлган воқеалар, жасур юртдош­ларимиз билан суҳбатлар, фронт хотиралари асосида дунё юзини кўргани билан қимматлидир. Мутолаа ҳузуридан баҳраманд бўлиб, жавонингизни яна бир жавоҳир билан бойитинг.

 

Инобат ИБРОҲИМОВА,

«Ватанпарвар» газетаси мухбири

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1