1 майда етти кун давом этадиган 15 йиллик юбилей концертига “старт” берган хонанда Шаҳзода мухлислари қаршисига чиқар экан, “Саҳнага чиқишдан олдин жуда қаттиқ ҳаяжонландим. Лекин сиз азиз мухлисларимни кўриб, ҳаяжоним бироз тарқади. Меҳрингиз учун сизлардан миннатдорман! Бугун менга ва ижодимга бўлган муҳаббатингизни оқлашга ҳаракат қиламан!” дея ички кечинмаларини яширмади. Шаҳзода ҳамма концертда томошабин билан хонанда ўртасида турадиган баланд саҳнадан воз кечиб, ўртадаги “чегара”ни бузди. 15 йиллик ижоди давомида битта-битта кўтарилган “пиллапоя”ларига мухлислар сабаб эришганини унутмаган ҳолда саҳнани томошабин сари етакловчи пиллапояли қилиб қурдирган бўлса не ажаб...
ЖАҲОНГИР ПОЗИЛЖОНОВ ЧУЧВАРАНИ ХОМ САНАБДИ...
Ноодатий тарзда саҳнада пайдо бўлган Шаҳзода газетамизга берган интервьюсидаги ваъдасига содиқ қолган ҳолда кутилмаган дуэтларни тақдим этди. Хонанда Улуғбек Раҳматуллаев билан куйланган шўх тарона барчани рақсга чорлади. Шоҳруххон иштирокидаги сокин дуэт саҳна кўринишида тўла очиб берилди. Катта шиппак тагига яшириниб саҳнага чиққан Жаҳонгир Позилжонов Шаҳзода билан рақсда беллашди. Шаҳзода “Чучварани хом санабсан...” дея дуэтдошининг “севги”сини рад этди. Ҳаракатланувчи саҳнада “Formula1” машинасига ўтирган ҳолда “Бари гал” дея хонандани чорлаган Жасур Ғоиповнинг чиқиши ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
ГУЛЧЕҲРА ЭШОҚУЛОВА, УЛУҒБЕК ҚОДИРОВ ВА ШАҲЗОДАНИНГ ТРИОСИ
1-блок якунида саҳнанинг чап тарафидаги айлана саҳначадан Шаҳзоданинг имижида пайдо бўлган актриса Гулчеҳра Эшонқулова “Ҳаёт айт” қўшиғини куйлай бошлади. Сўнг Шаҳзода саҳна марказидан жой олиб, қўшиқни давом эттирди. Саҳнанинг ўнг томонидаги айлана саҳначада эса актёр Улуғбек Қодиров “трио”нинг давомида ижро этди. Бу учлик “Фотима ва Зуҳра” фильмидаги қаҳрамонларни ёдга солди. “Трио” томошабинлар учун чиндан кутилмаган совға бўлди.
САРОЙ ТЕПАСИДАН АРҚОНДА ТУШГАН МАСҲАРАБОЗ
Концертдаги энг қувноқ чиқишлар — “Қайнона” қўшиғига қизиқчи Ҳалима Ибрагимова ва “Сабо” рақс ансамбли қизлари билан саҳналаштирилган саҳна кўриниши ҳамда “Чикко” ижро этилганда Давлат цирки масҳарабозларининг томошабинлар билан мулоқоти, “Чикита” қўшиғига “Томоша” болалар гуруҳининг жажжи ўғил-қизлари чиқиши бўлди. Худди циркдагидек томошабинлар тепасидан арқонда пастга тушган масҳарабоз барчани лол қолдирди.
“ЁМОНЛАР ҲАМ БИТТА ДАРС!”
Концертнинг 5та блоки орасида 1983 йилдан бошлаб то бугунги кунга қадар Фарғонада туғилган жийдакокил қиз Шаҳзоданинг ҳаёти монолог тарзида видеоролик билан бериб борилди. Мазкур иқрорнома орқали шу куни мухлислар Шаҳзоданинг дил тубидаги кечинмаларидан вофиқ бўлишди. Хиёнат, алдов, дугоналарининг бўхтонлари, душманлар бари-бариси хусусида тўхталди. Иқрорларини мухтасар қилиб, “Раҳмат ҳаёт” номли қўшиқни куйлади.
Сени севаман, сени севаман ҳаёт,
Неки сўрадим бугун эгаман ҳаёт.
Мен шунчали кучлимас,
Ёмонлар ҳам битта дарс.
Ҳаммамиз олдингда қарз,
Раҳмат ҳаёт, душман отган тош учун
Ҳар томчи кўзёш учун
Ҳар тонги қуёш учун, раҳмат ҳаёт!
ФАКТ:
- Концертда жами 22та қўшиқ ижро этилди, шундан 8таси янги.
- Шаҳзода саҳнада ? хил либосда намоён бўлди.
- Концерт режиссёри ???
Биласизми?
- Шаҳзода концертнинг бошидан охиригача раққосалар билан баравар рақс тушди. Ҳатто “Лазги”да ҳам беллашди.
- Саҳна реквизитларидан унумли фойдаланганини таъкидламай илож йўқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир чиқиш ўзига хослик касб этди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.
Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ





